Тошкентда маданий мерос ҳафталиги ўз ишини бошлади


Бугун пойтахтимизда “Шарқ ренессанси феномени: давлатлар, динлар ва цивилизациялар”мавзусида маданий мерос ҳафталиги очилди.

Бутунжаҳон жамияти (WOSCU)нинг конференц-залида ташкил этилган ушбу ҳафталикда маҳаллий ва хорижий экспертлар, олимлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ҳафталикнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори, Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов ва бошқалар мамлакатимиз маданий меросини ўрганиш ва сақлаш борасида олиб борилаётган эзгу ишлар халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий юксалиши, уларнинг юртимиз тарихига бўлган қизиқишини орттиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Таъкидлаш керакки, ушбу ҳафталик дастури ўзида қатор тадбирларни жамлаган бўлиб, уларда маданият ва санъат соҳаси вакилларининг долзарб маърузалари иштирокчилар эътиборини тортади.

– Мазкур ҳафталик шу йилнинг август ойида Самарқанд шаҳрида бӯлиб ӯтган WOSCU VIII Халқаро конгрессининг давоми ҳисобланади. Ӯтган конгрессда биз меморандумлар имзолаган бӯлсак, бу галгисида 60 га яқин шартнома имзолаймиз. Албатта, бу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан маданий меросни ўрганиш ва сақлаш бўйича кўрсатилаётган саъй-ҳаракатлари ва бу борада белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш билан боғлиқ. Ҳафталикдан кўзланган мақсад эса Янги Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги тараққиёт йўли, янги юксалиш даврида эришилаётган ютуқлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, халқимизнинг бой маданий ва маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамда оммалаштиришда маҳаллий олимлар ва халқаро илмий экспертлар ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдир, – деди Ф.Абдухолиқов.

Ҳафталик доирасида ўтказиладиган тадбирларда мамлакатнинг тарихий ва маданий меросини, айниқса, ёшлар орасида оммалаштириш, Ислом цивилизацияси марказини тақдим этиш ва музей заллари ҳамда кутубхонани янада бойитиш учун ҳамкорлар топиш, шунингдек, Имом Бухорий мажмуасидаги музей лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилади.

Тадбирда Янги Ўзбекистонда давлат томонидан фан, маданият ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳафталик 27 октябрь куни ўз ишини якунлайди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА