Музей экспозициясини шакллантиришда ҳамкорлик ишлари
Марказ музейи экспозициясини қимматли артефактлар ва маълумотлар билан бойитиш мақсадида жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган педагогика университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Музейнинг “Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё” бўлимида металлургия соҳасини ёритиш учун университет томонидан профессор-ўқитувчилардан иборат илмий-ижодий гуруҳ шакллантирилди.
Ушбу ҳамкорлик доирасида 6 декабрь куни Марказнинг музей ва экспонатлар бўлими бошлиғи И. Йўлдошев, Музей ва экспонатлар бўлими илмий ходими А. Эгамовлар Чирчиқ давлат педагогика университетида бўлиб қайтдилар.
Университетнинг “Ўзбекистон тарихи” кафедраси доценти, Республикамизнинг металлургия соҳасидаги йирик олими Крахмал Константин Андреевич Марказ ходимларини университетнинг ўқув биносида ташкил этилган кенг кўламли экспонатлар коллекцияси билан таништирди. Ибтидоий жамоа даврининг чақмоқ тошлари, эфталийлар даврига оид хумлар, Ўрта асрларда ишлаб чиқарилган шишасозик ва керамика намуналари университет фондидан ўрин олган нодир артефактлар сарасига киради.
Ташриф давомида Санъатшунослик факультети декани педагогика фанлари доктори, доцент Султанов Ҳайитбой Эралиевич бошчилигида талабаларнинг ижодий устахонаси ва у ердаги фаолиятлари билан танишилди.
Ташриф сўнгида университет ректори Гафуржан Мухамедов билан ишчи гуруҳ томонидан амалга ошириладиган истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Тайёрлади
Марказ
илмий ходими,
санъатшунос
А.Эгамов