28 июль куни Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ипак йўли халқаро кутубхоналар ассоциацияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди.


28 июль куни Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ипак йўли халқаро кутубхоналар ассоциацияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди. 2018 йилда Хитой Халқ Республикасининг Маданият ва туризм вазирлиги ташаббуси билан Хитой миллий кутубхонаси томонидан ташкил этилган мазкур ассоциация Ислом цивилизацияси марказининг халқаро муносабатлар доирасидаги 29- ташкилот ҳисобланади.

Ўзаро ҳамкорлик, очиқлик, таълимни ривожлантириш, умумий манфаат ва тенг шериклик руҳида минтақавий ҳамкорлик муносабатларининг ривожини таъминлайдиган мазкур ҳужжат асосида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази Ипак йўли халқаро кутубхоналар альянси халқаро онлайн платформасига аъзо ташкилотлар яъни, Евроосиё, Жанубий Шарқ, Марказий Осиё мамлакатларининг 37 та миллий кутубхоналари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиши мумкин бўлади.

Хитой Халқ Республикаси томонидан Меморандумни Хитой Миллий кутубхонаси директори Чжан Чжинсян, Ўзбекистон томонидан Ислом цивилизацияси маркази Ш.Миноваров имзоладилар. Томонлар ҳар икки мамлакат раҳбарларининг сайъ-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ва Хиой ўртасида барча жабҳаларда алоқалар жадал ривожланаётганидан мамнуният изҳор қилдилар.

Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази биносида кетаётган қурилиш ва безатиш жараёнлари билан яқиндан таништирилган хитойлик меҳмонларда мажмуа катта тассурот уйғотди.