Эрон Ислом Республикаси делегацияси ташриф буюрди


    Жорий йилнинг 1 апрель куни Эрон Ислом Республикаси Динлар ва мазҳаблар университети ректори, Аҳли байт бутунжаҳон ассамблеяси бош котиби Саййид Абулҳасан Наввоб жаноблари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан танишиш мақсадида Марказ қурилиш майдонига ташриф буюрди.

   Меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда диний-маърифий соҳада, хусусан, Ислом дини меросини қайта тиклаш, маърифий ислом ғоясини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

   Мартабали меҳмон Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги тарихий бинолар ва зиёратгоҳларни бориб кўргани, меросни асраш, тарихий биноларни реставрация қилишда Ўзбекистон Эрон билан рақобат қилиш даражасига етганлигини алоҳида мамнуният билан эътироф этди. Шунингдек, маҳаллий ҳунарманд аёлларнинг ипак гиламларни нозик дид билан тўқишлари катта таассурот қолдирганини айтди. Ўзбекистонда сақланиб қолган ислом мероси, тарихий обида ва зиёратгоҳлар хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг гавжумлигига асосий сабаб эканлигини таъкидлади.

   Наввоб жаноблари мамлакатимизнинг бой тарихи, буюк уламолар, жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Нақшбандларнинг ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшганларини эътироф этиб, уларнинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш ҳозирги мураккаб замонда долзарб эканини қайд этди. Мотуридий илмий меросининг ўзи раҳбарлик қилаётган университетда алоҳида фан сифатида ўқитилишини маълум қилди.

 Томонлар кадрлар тайёрлаш, илмий маълумотларни ўзаро алмашиш ва тадқиқотларни амалга ошириш масалаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.