Ўзбекистон илм-фанида янгилик: Нумизматика тарихи яратилиши режалаштирилмоқда


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида юртимиз нумизматика тарихига оид экспозициялар яратиш режалаштирилган. Марказ ташаббуси билан амалга оширилаётган Ўзбекистон нумизматикаси тарихи лойиҳаси устида Япониянинг Михо музейи махсус илмий ходими Сергей Лаптев иш олиб бормоқда:

— Исломдан аввалги даврда Ўзбекистон ҳудудида зарб қилинган тангалар намуналарининг рўйхатини шакллаштириб, шахсий коллекциялардан излаш, дунёдаги музейлар, халқаро аукционларга мурожаат қилган ҳолда уларни топиш ва нусхаларини яратиб экспозицияга киритиш ҳаракатлари бошланган. Бу асосий вазифадир ва бунинг асосида  энг яхши натижа сифатида бир китоб-альбом чиқариш режалаштирилган. 

Ўзбекистон ҳудуди тарихда Марказий Осиёдаги мамлакатлар орасида Буюк ипак йўлида амалга оширилган савдо-сотиқда муҳим ўрин тутган. Шунингдек, Марказий Осиёда турли даврларда ташкил топган қадимги, масалан, Ўзбекистоннинг илк давлатчилиги асоси бўлган Хоразм,  Бақтрия, Суғд каби илк давлатлар ҳукмдорлари савдо-сотиқ муомаласи учун ўз тангаларини зарб қилганини тарихдан биламиз. Бу эса исломгача бўлган даврда Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида қадимги давлатчилик бошқарувларидаёқ тангани зарб қилиш   мавжуд бўлганидан далолатдир. Аммо бу зарб қилинган тангалар ҳақида етарли маълумотлар мавжуд эмас. Шу боис Ўзбекистон нумизматикаси тарихи лойиҳасининг амалга оширилиши Ўзбекистон илм-фани учун аҳамиятли ёндашувлардан бири бўлиши кутилмоқда. 

Қайд этиш керакки, нумизматика бу – тангалар ҳақидаги фан. Яъни нумизматика тангаларнинг тасвирлари, ёзувлари, оғирлиги, қандай металлдан ясалганлиги, пул муомаласидаги даражаси ва танга зарб қилиниш тарихини ўрганади.