"ЎЗБЕКИСТОН ОЛИМИМАН" ДЕГАНЛАРГА ШАРОИТ ЯРАТАМИЗ” - ФИРДАВС АБДУХОЛИҚОВ


3-4 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” республика форуми 500 дан ортиқ олимларни бир мақсадга бирлаштирди. Форумда етук олимлар, фан арбоблари, экспертлар, ёш тадқиқотчилар, шунингдек, диний соҳа вакиллари 10 та йўналишда Ислом цивилизация марказининг илмий-тарихий концепцияси ҳамда унинг таркибидаги музей экспозициясини шакллантиришга бағишланган 50 дан ортиқ маърузаларни тинглаб, 600 га яқин таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. 

youtube.com орқали кўриш

Фирдавс АБДУХОЛИҚОВ, Ислом цивилизацияси маркази директори:

 Форумнинг асосий мақсади – муҳтарам Президентимиз буюк ғоялари асосида бирлашишдир. Форум навбатдаги катта жараёнга туртки бўлади. 
Энди вақти соати келди, кўриб турибмиз тарихий жараён кетяпти. Қурувчиларга раҳмат ўзининг меҳнати билан чиройли барпо этяпти, лекин контент масаласи бизнинг зиммамизда. Бу масала фақатгина Ислом цивилизацияси марказининг ходимларига эмас, бутун Ўзбекистонга – "мен олимман" деганларнинг зиммасига тушиши керак. Албатта хайрихоҳлик билан. "Ўзбекистон олимиман, ўзимнинг ҳиссамни қўшмоқчиман"  деганларга шароит яратиб берамиз, албатта.

Анжуман якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга форум иштирокчиларининг МУРОЖААТИ, шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизация марказининг илмий-маърифий фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг таркибидаги музей экспозицияси билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Илмий кенгашни ташкил этиш бўйича форум иштирокчилари томонидан қарор қабул қилинди. Мазкур Илмий кенгаш форум доирасида билдирилган 600 дан ортиқ таклифларни ўрганган ҳолда уларни амалиётга жорий этиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ҳамда ҳукуматга тақдим этади. 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” Форуми мамлакатимиз ижтимоий ва маданий-маърифий ҳаётида ёрқин из қолдирди.