"Буюк аждодлар мероси - III Ренессанс пойдевори" форумининг ялпи йиғилиши


Бугун,  4 июль куни пойтахтмиздаги Симпозиумлар саройида “Буюк аждодлар мероси –  III Ренессанс пойдевори” мавзусидаги форумнинг ялпи йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов очиб бериб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ғояси ва ташаббуси билан бунёд этилаётган Марказ томонидан улкан ишлар амалга оширилгани, эндиликда Марказ фаолиятининг тўлақонли ишга тушиши учун жадал ҳаракатлар бошлангани, жумладан, кейинги бир ой давомида Марказ музейи экспозициясини шакллантириш борасида қатор йиғилишлар, муҳокамалар  ўтказилганини алоҳида қайд этди.

Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази дунё аҳамиятига молик улкан маданий, маърифий маскан сифатида қад ростлаши, бунда Биринчи ва Иккинчи Ренессанслар асосини қурган халқимизнинг бунёдкорлик ғоялари, илм-маърифати, кашфиётлари пойдевор бўлишини таъкидлади. Шунингдек, бугунги форумда иштирок этаётган 450 дан ортиқ юртимизнинг етук олимлари, тадқиқотчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Илмий кенгаши аъзоси сифатида фаолият юритиб, Марказ музейида акс этадиган ҳар бир экспозиция, чоп этиладиган ҳар бир нашрни, аввало, олимлар назари ва муҳокамасидан ўтказиб олиш таклифини билдирди.

Сўзга чиққан Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов ҳам мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти, халқаро илмий тадқиқот марказларининг фаолияти, жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдида турган улкан вазифалар ҳақида тўхталди. Марказ музейи экспозициясини шакллантириш баробарида Имом Бухорий музейини ташкил этиш, унинг концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилганини алоҳида қайд этди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази директори Отабек Ҳасанов модераторлик қилган Форумнинг очилиш маросимида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, ЎзФА вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, ЎзФА Тарих институти директори Азамат Зиё, шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти раисининг маслаҳатчиси, туркиялик Холид Эренлар ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Куннинг иккинчи ярмида “Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё”, “Исломнинг Марказий Осиёга ёйилиши”, “Таълим”, “Шаҳарсозлик ва меъморчилик тарихи”, “Анъаналар”, “Қуръон зали концепцияси”, “Илм – фан”, “Санъат ва бадиий ҳунармандчилик”, “Учинчи Ренессанс –  Янги  Ўзбекистон”, “Имом Бухорий музейи концепцияси” шўъбаларининг қисқача ҳисоботи эшитилиб, якуний фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, Форум натижалари бўйича кенгайтирилган кенгашнинг қарори қабул қилинди.