ДУНЁНИНГ 300 НАФАР ОЛИМИ САМАРҚАНД ДЕКЛАРАЦИЯСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ ВА ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВГА МУРОЖААТ ЙЎЛЛАДИ
ДУНЁНИНГ 300 НАФАР ОЛИМИ САМАРҚАНД ДЕКЛАРАЦИЯСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ ВА ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВГА МУРОЖААТ ЙЎЛЛАДИ
Самарқанддаги Конгресслар марказида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WОSCU) VIII Халқаро конгрессининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Дунёнинг 35 давлатидан 300 дан ортиқ иштирокчи Самарқанд декларациясини қабул қилишиб, Ўзбекистон Республикаси Президентига анъанавий Мурожаатнома билан чиқишди. Тадқиқотчилар Шавкат Мирзиёевга жорий йил 24 август куни бўлиб ўтган “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” VIII Халқаро конгрессининг очилиши муносабати билан иштирокчиларга йўллаган табриги учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг самимий муносабати "Уларни янги кашфиётлар ва ютуқларга илҳомлантираётгани”ни таъкидладилар.
“Биз, ҳамфикрларингиз сифатида Янги Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс” деб ном олаётган барча жабҳаларда, жумладан, таълим, фан, маданият ва маърифатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Янги Ўзбекистон илм-фан ва таълим марказларидан бири сифатида тобора жаҳон миқёсида шуҳрат қозонмоқда. Юксак маънавият, таълим-тарбия, шунингдек, мамлакат маданий меросини ўрганиш ва асраб-авайлаш давлатнинг барқарор ривожланиши ва фаровон келажак барпо этишининг гаровидир, деган фикрингизга тўлиқ қўшиламиз”, – дейилади мурожаатда.
Мутахассислар Шавкат Мирзиёев томонидан БМТнинг юксак минбаридан туриб билдирилган инсонпарвар Ислом ғояси кенг қўллаб-қувватланаётганини қайд этиб, маънавиятни бойитиш муҳимлигини таъкидлади. “Биз сизнинг ташаббусларингизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз ва Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси учун маданий меросини асраб-авайлаш бўйича кенг кўламли лойиҳаларнинг энг фаол иштирокчиси бўлишга тайёрмиз”, – дейишди олимлар.
Мурожаатда Ўзбекистон раҳбарининг ноёб муаллифлик мега-лойиҳаси – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази юксак баҳоланди. Иштирокчилар маданият масканларида бўлиб, Ислом цивилизацияси маркази ва Имом ал-Бухорий маънавият марказида барпо этилаётган маҳобатли иншоотлар билан танишди. Конгресс давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини сифатли мазмун билан тўлдириш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга қаратилган 300 дан ортиқ маърузалар, таклифлар, интервьюлар, баёнотлар ва тақдимотлар тақдим этилди.
“Биз нафақат Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига қўшилиш, балки Шарқда илм-фан ва маърифатнинг ёрқин машъалига айланадиган кучли илмий-маданий платформа яратишни ўзимизнинг энг муҳим вазифамиз деб биламиз”, – дея фикрларини якунлашган олимлар.
Ялпи мажлис доирасида иштирокчилар WOSCU VIII Халқаро Конгресси якунларини сарҳисоб қилдилар ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мазмуни учун асос бўлиб хизмат қиладиган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг қўшма лойиҳалари “Йўл харитаси”ни тасдиқладилар. Долзарб вазифалар қаторига ноёб қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини яратиш, музейшуносликдаги инновацион ишланмалар, янги археологик ва этнографик экспедициялар, ҳаттоки сунъий интеллектни фанга жорий этиш каби масалалар ҳам киради.
Қабул қилинган Самарқанд декларацияси конгресснинг тўрт кунлик ишини якунлаб, тадбир иштирокчиларининг тараққиёт ва маърифат ғояларига содиқлигини тасдиқлади. IRCICA, TURKSOY, “Al Furqan” жамғармаси, Араб дунёси институти, Халқаро Туркий академия каби 10 та йирик халқаро ташкилот раҳбарлари, 15 нафар академик, 40 нафар профессор ва доцент, 103 нафар фан доктори, 54 та музей ва кутубхоналар директорлари, 5 нафар олий ўқув юртлари ректорлари, 5 та нашриёт уйи директорлари 35 давлатдан 300 дан ортиқ иштирокчилар номидан мурожаатни “Al Furqan” жамғармаси директори Сали Шаҳсивари ўқиб эшиттирди.
"Биз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш бўйича ташаббусларини аҳамиятли деб эътироф этамиз. Ушбу маданий-гуманистик мегалойиҳа Шарқнинг буюк олимлари ва мутафаккирларининг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси, жумладан, мусулмон цивилизацияси ривожига қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган фундаментал тадқиқотларни амалга оширишга кучли туртки беради. Биз дунёдаги вазиятдан ташвишда эканлигимизни билдирмоқдамиз ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ минбаридан туриб баён этган ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик ва маърифатпарварлик моҳияти ҳақидаги ғоялари алоҳида эътиборга лойиқ, деб ҳисоблаймиз. Мазкур ғояларнинг "Жаҳолатга қарши маърифат" шиори остида амалга оширилиши тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Биз барча олимлар ва тадқиқотчиларни, маданият ва жамоатчилик вакилларини халқаро ҳамкорлик учун янги имкониятлар ва истиқболларни очиб берадиган ушбу кенг қамровли лойиҳа атрофида бирлашишга даъват этамиз".
Конгресснинг якуний йиғилишида WOSCU халқаро мукофоти – “Олтин китоб” тақдим этилди, бу йил у Саудия Арабистони, Қозоғистон, Туркия, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлардан келган 10 нафар шарқшунос олимларга насиб этди.
Шунингдек, 20 та хорижий оммавий ахборот воситалари, жумладан CNN, Euronews, “Россия-Культура”, “Мир”, “Россия-24” ва Марказий Осиё давлатларининг телеканаллари журналистлари таклиф этилди.