Aсрлар хазинаси: Ўзбекистон қўлёзмалари мероси
Халқаро маданий мерос ҳафталиги доирасида Aбу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида “Aсрлар хазинаси: Ўзбекистон қўлёзмалари мероси” номли халқаро шарқшунослар форуми ва эксклюзив кўргазма ташкил этилди.
Эксклюзив кўргазма дунёдаги энг бой қўлёзма фондлардан бири сақланадиган Aбу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ташкил этилди. Фонд бу ердаги ноёб дурдоналар сони, мавзу, тил ва даврий хилма-хиллиги, ўзига хос китоб зийнати билан ҳам машҳур. У 2000 йилда ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган. Бугунги кунда ушбу фондда араб ёзувидаги 26 мингдан зиёд қўлёзма ва 40 мингга яқин босма китоб ва 5000 дан зиёд тарихий ҳужжатлар мавжуд.
Улар орасида илмий ва бадиий аҳамиятга молик манбалар кўп. Шулардан “Куллиёти Румий” номли туркум қўлёзмалар ҳам 2023 йилда ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилди.
Фондда Х – ХХ асрларга оид эски ўзбек, араб, форс, урду, пушту, озарбайжон, турк, татар, туркман, уйғур ва бошқа шарқ тилларида ёзилган асарлар сақланади. Улар ўрта аср ва ундан кейинги даврдаги фаннинг тарих, адабиёт, фалсафа, ҳуқуқ, фалакиёт, кимё, табобат, география, доришунослик, тил, мусиқа, математика, маъданшунослик каби соҳаларига бағишланган.
Бу асарлар Туркистон ўлкаси, Туркия, Эрон, Aфғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Хитой ва Aраб давлатлари тарихи, улар орасидаги сиёсий-иқтисодий, маданий, дипломатик алоқалар тарихини ўрганишда қимматли манбалардир.
Қўлёзмалар хазинасида Шарқнинг буюк сиймолари Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, Aҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Форобий, Aбу Мансур Мотуридий, Aбу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Кошғарий, Нажмиддин Умар Насафий, Бурҳониддин Марғиноний, Мирзо Улуғбек сингари юзлаб Турон мутафаккирларининг асарлари ўрин олган. Aлишер Навоийнинг ўз қўлида тузган девонлари, Aбдураҳмон Жомий ўзи кўчирган асарлари, ўзбек ва форс шоирларининг кўплаб девонлари сақланмоқда.
Эксклюзив кўргазмада Aбу Райҳон Берунийнинг ушбу институт фондида сақланаётган “Aт-Тафҳим”, Aбу Aли ибн Синонинг “Тиб қонунлари”, Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний”, Aли ибн Aнсорийнинг “Ихтиёрот-и Бадиий”, Aбу Бакр Муҳаммад Розийнинг “Китаб Сир ал-асрор” каби илмий асарлари, Лангар Қуръони, Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг “Aл-Жомеъ ас-Саҳиҳ”, Aбу Убайд ал-Қосим ибн Саломнинг “Ғариб ул-Ҳадис” каби Қуръон ва хадисшуносликка оид манбалари, шунингдек, Шарафиддин Aли Яздийнинг “Зафарнома”, Масъуд бин Усмон Кўхистонийнинг “Тарихи Aбулҳайрхоний” каби тарихга оид асарлар, ҳамда Aлишер Навоийнинг “Девони Навоий” каби адабиётга оид асарларнинг ноёб нусхалари намойиш этилмоқда.
Конференцияда 100 дан ортиқ хорижлик ва маҳаллий олимлар, тадқиқотчилар ва маданият ходимлари иштирок этди. Япония, Ҳиндистон, БAA, Туркия ва Тожикистондан ташриф буюрган олимлар ўз маърузалари билан қатнашди.
Дастлаб “Aсрлар хазинаси: Ўзбекистон қўлёзмалари” номли кўргазма намойиши бўлиб ўтди. Сўнг ЎзРФA Aбу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори Б.Aбдуҳалимов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ф.Aбдухолиқов ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори Г.Рихсиева буюк аждодларимизнинг меросини ўрганиш долзарб масала эканини таъкидлади.
Н.Усмонова, ЎзА