ЦИВИЛИЗАЦИЯЛАР, ШАХСЛАР, КАШФИЁТЛАР


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг навбатдаги Кенгайтирилган Илмий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази   мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни мақсад қилган.

Шу боис, Марказ томонидан бир неча босқичда унинг контентини бойитишда хорижлик ва маҳаллий олимлар иштирокида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.  18-26 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Маданият  вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги хамкорлигида   ўтказилган «Шарқ ренессанси феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва цивилизациялар» мавзусида  халқаро маданий мерос ҳафталигининг асосий мақсади ҳам, Ислом цивилизацияси маркази концепциясини бойитишда миллий ва хорижий олимлар ҳамкорлигидаги илмий лойиҳаларни амалга оширишни янги босқичга кўтариш,  Ўзбекистон маданий меросини халқаро майдонда тарғиб этишга қаратилди.

Ислом цивилизацияси марказининг навбатдаги Кенгайтирилган Илмий кенгаши йиғилишида дастлаб, ушбу ҳафталик натижалари бўйича якуний ҳисобот муҳокама этилди. Маълум бўлишича, ҳафталик доирасида ўтказилган форумлар, конференциялар, анжуманлар, симпозиумларда Буюк Британия, Россия, Франция, Япония, Ҳиндистон, БАА, Туркия каби 20 дан ортиқ мамлакатдан 100 га яқини хорижлик иштирокчилар ташриф буюришди. Мамлакатимиздан 200 нафардан зиёд олимлар, илмий тадқиқотчилар, соҳа мутахассислари иштирок этди. Хорижий илмий муассасалар, марказлар ҳамда ташкилотларнинг раҳбарлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, жадаллаштириш ва қўшма илмий лойиҳаларни амалга оширишга оид 30 дан ортиқ амалий учрашувлар ўтказилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг экспозициялари­нинг асосини ташкил этувчи 400 га яқин илмий ва инновацион лойиҳалар симпозиум, конференцияларда муҳокама этилди.  

Тадбирда Ўзбекистон маданий мероси дурдоналарига бағишланган "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумининг янги 70 чи жилди тақдим этилди. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон илмий нашрлари” ва “Шарқ ва Ғарб: цивилизациялар мулоқоти” каби 5 та мавзуда 100 дан ошиқ номдаги китоблар кўргазмалари ташкил этилди. “CNN” ва “Euronews” халқаро медиа компанияси ҳафталикнинг бош медиа ҳамкори сифатида иштирок этди. Шунингдек, тадбирлар “CNN”, Euronews, “Россия-Культура” телеканаллари ва 30 дан­ зиёд бош­қа нуфузли хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Шу билан бирга, ўтказилган тадбирларга 200 нафарга яқин оммавий-ахборот воситалари ва блогерлар жалб этилиб, анжуман бўйича маълумотлар 10 та хорижий тилда тарқатилди. Хорижий илмий муассасалар, марказлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 20дан зиёд ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Шундан сўнг, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитишга қаратилган илмий лойиҳалар ва янгиланган концепцияни тасдиқлаш, Марказнинг ишлаб чиқилган янгиланган илмий концепцияси, илмий лойиҳаларини Васийлик Кенгашига тақдим этиш учун таҳрир хайъати аъзоларини тасдиқлаш каби масалалар муҳокама қилинди. 

Давлатимиз раҳбарининг “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” мавзусидаги VIII халқаро конгрессининг очилиш маросимида унинг иштирокчиларига йўллаган табригида моҳият эътибори билан ўзида Ватанимизнинг шонли ўтмиши, бугунги ҳаёти ва буюк келажагини намоён этишга хизмат қиладиган бу замонавий масканда турли илмий муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, долзарб ғоя ва кашфиётларни илгари суриш, янги илмий контентлар ишлаб чиқиш учун барча шароитлар яратиб берилиши  таъкидланган.

Илмий кенгаш йиғилишини бошқарган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқовнинг айтишича, марказ қурилиши ва унинг экспозициясини янги мазмун билан бойитиш билан боғлиқ ишлар бевосита давлат раҳбарининг доимий эътиборида эканлигини таъкидлади;

-Ҳурматли Президентимиз Ислом цивилизация марказини маданий-гуманитар соҳада амалга оширилаётган мегалойиҳа деб атади. Шу жиҳатдан ватанимиз тарихи, маданий мероси, цивилизациялар ва уларда муҳим ўрин тутган шахсларни, кашфиётларни энди битта платформада бирлаштириш зарур.  Айни пайтда олимлар маданий меросимизни ўрганиш ва тадқиқ этиш бўйича 200 га яқин лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Маданий мерос ҳафталиги доирасида яна 100 дан ошиқ янги лойиҳалар келиб тушди. Уларни амалга ошириш учун юртимиздаги ихтисослашган  илмий муассасалар олимларини ҳам жалб этмоқчимиз. Презиентимиз таъкидлаганларидек, Ислом цивилизацияси маркази музей эмас, доимий илмий изланишлар олиб бориладиган  ҳақиқий илм ва маърифат маскани бўлади. Биз марказнинг иккинчи қаватида халқаро ташкилотлар, хорижлик олимларнинг иш олиб боришлари учун шароитлар яратамиз. Халқаро илмий ҳамкорликни йўлга қўйганимиздан сўнг, янги кашфиётлар пайдо бўлади. 

Баҳром Абдуалимов- ЎзФА вице президенти, Шарқшунослик институти директори, Кенгайтирилган илмий Кенгаш аъзоси

-Ярим йил давомида Ислом цивилизацияси маркази жуда фаоллашди. Бу ғоя Президент эътибори билан давлат сиёсати даражасига кўтарилгани боис, миллий ва хорижий олимларни бирлаштирди,  деган эътирофларни халқаро маданий мерос ҳафталиги иштирокчиларидан эшитдик. Ҳақиқатдан ҳам, Ислом цивилизацияси маркази катта академик ғоялар маскани, илмий-тадқиқот муасссага  айланяпти. Яқин-яқингача ҳам олимлар ўртасида марказнинг биноси тайёр бўп қолди, лекин контенти тайёр эмас деган фикрлар бўлган. Бу ўша пайтлари қайсидир маънода асосли эди. Лекин, халқаро маданий мероси ҳафталигида иштирок этган Буюк Британиядаги Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази директори Фараҳ Аҳмад Низами марказ фаолияти билан танишиб, бинодан кўра марказ контенти ранг-баранг ва бой эканлигини таъкидлади. Янги лойиҳалар ҳам бор. Биз уларни давлат буюртмаси деб ҳам қабул қилишимиз керак. Шу жиҳатларни ҳисобга олсак  ЎзФАнинг  барча етакчи олимлари Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик қилишга, янгидан-янги лойиҳалар устида ишлашга доим тайёр.

Жаннат Исмоилова – Ўзбекистон тарихи Давлат музейи директори, Кенгайтирилган илмий Кенгаш аъзоси

Марказ биносининг қурилишидан тортиб, унинг экспозициясидан ўрин оладиган экспонатларни жойлаштириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ва уни намойиш этишгача бўлган жараёнлар вақт ва маблағ талаб этадиган мураккабликларга бой бўлган бир жараён. Шундай бўлса-да,  Президентимиз томонидан олимларга яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар туфайли кенг-кўламли лойиҳалар амалга оширилди. Илгари олимларимиз беш-ўн йил ичида бунча лойиҳа устида ишлай олмаган. Биз кам вақт оралиғида кўп натижаларга эришаяпмиз. Ўйлайман-ки, бир йил икки йил ичида ушбу лойиҳалар ўз самарасини беради.

Акбар Ҳакимов- санъатшунос, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Кенгайтирилган илмий Кенгаш аъзоси

Тўрт ой ичида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази лойиҳалари 4 маротаба илмий экспертизадан ўтказилди. Дастлаб юртимиз олим ва мутахассислари томонидан ва кейинчалик халқаро даражага олиб чиқилди. Мана ҳозир бизда марказ экспозициясидан ўрин оладиган илм-фан кўргазма павилиони тайёр. Энг асосийси барча жараёнларда, лойиҳаларни маромига етказишда ёш мутахассислар биз билан фаол ишлаяпти. Бу қувонарлидир.

Рустам Шоабдураҳмонов  -Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича Дирекция директори, Кенгайтирилган илмий Кенгаш аъзоси

-Мажмуа қурилиши ҳурматли Президентимизнинг, ҳукуматимизнинг доимий эътиборида. Бино қурилишига 30 та вазирлик ва идоралар жалб этилган. Қурилишдан ташқари марказ мазмунини  бойитиш бўйича олимларимиз жуда катта меҳнат қиляпти. Шу пайтгача ажратилган грантлар асосида олимларнинг  29 та китоби чоп этилди.  Биз бундан кейин ҳам  уларнинг илмий фаолиятини, маданий меросимизни асраб авайлаш, тарғиб этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Йиғилиш якунида кенгайтирилган илмий кенгаш аъзолари томонидан  Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитишга қаратилган келажакдаги истиқболли илмий лойиҳалар ва янгиланган концепция тасдиқланди.