Имом Бухорий инновацион музейи қандай кўринишда бўлади?


Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда улуғ муҳаддис олим Имом Бухорийнинг меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш, у  киши мангу ором топган масканни обод қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Давлат раҳбари ҳар гал Самарқандга ташрифи чоғида ушбу табаррук зиёратгоҳларни тиклаш, уларнинг тарихи ва мазмунини тўғри талқин қилиб етказиш бўйича кўрсатмалар бериб келмоқда.  Президентимиз топшириғига асосан,  Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва аллома номи билан аталувчи  мажмуада қурилаётган Имом Бухорий иновацион музейининг контентини яратиш бўйича Туркиянинг "Outdoor Factory" компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, амалий ишлар бошлаб юборилган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий инновацион музейи концепциясини ва дизайнини такомиллаштириш, яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Йиғилишни Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов очиб берди.

 

Жорий йил 18-26 октябрь кунлари юқори савияда ўтказилган “Шарқ ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар” мавзуидаги халқаро маданий мерос ҳафталиги доирасида маҳаллий ва хорижлик экспертлар иштирокида Имом Бухорий инновацион музейи тақдимоти ўтказилгани,  шу билан бирга, инновацион музей павильонларининг “Outdoor Factory” компанияси томонидан тайёрланган концепцияси ва дизайни ҳамда уни янада такомиллаштириш бўйича  таклиф ва тавсиялар билдирилгани айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, йиғилишда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, Дин ишлари бўийча қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримовлар иштирок этиб, инновацион музейдан ўрин оладиган ҳар бир контент илмий асосланиши мақсадга мувофиқ эканлигини айтиб ўтилди.  Самарқанддаги Имом Бухорий инновацион музейи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2022 йил 17-18 август кунлари Саудия Арабистонига амалга оширган давлат ташрифи давомида Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом цивилизацияси музейи билан яқиндан танишиб қайтганларидан сўнг, 2022 йил 24 август куни Имом Бухорий мажмуаси қурилишига ташрифи давомида берилган кўрсатмалари асосида барпо этилмоқда. Ҳурматли Президентимиз томонидан Имом Бухорий мажмуаси ва унинг таркибидаги инновацион музейини барпо этиш борасида:  Имом Бухорий бобомизнинг қадрини янада кўтариш, жаҳонга баралла айтишга асос яратиш”, шунингдек,  Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти, илм йўли, ўша давр тарихини инновацион ахборот технологиялари орқали кўрсатиш халқимизга яна бир маънавий хазина бўлади” , - деган фикрлари асосий мақсад қилиб олинган.

Инновацион музей 9 павильондан иборат бўлади. Дастлаб пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам ва бошқа пайғамбарлар ҳақида маълумотлардан бошлаб, Имом Бухорийнинг ҳаёти, илм йўли, унинг буюк феноменал хотирага эга экани, фазилатлари, Имом-Бухорий авлодлари  ҳақида хронологик тарзда маълумот берувчи видеофильмлар намойиш этилади. Қадимий ашёлар, қўлёзмалар, муқаддас динимиз тарихига оид манбалар замонавий ахборот технологиялари ёрдамида намойиш этилади. Музейга исломнинг иккинчи ёзма манбаси “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг қадимги нусхалари қўйилади.  Болалар 5 D шаклида учар гиламга ўтириб қадимги даврларга саёҳат қилиши мумкин. Шунингдек, томошабинлар  Имом Бухорий меросининг бугунги кундаги аҳамияти,   Янги Ўзбекистонда диний-маърифий ислоҳотлар ва Имом Бухорий меъросига берилаётган эътибор ҳақида маълумотларга эга бўлишади.

Иштирокчиларнинг фикрича, Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган илмий-ижодий йиғилиш Имом Бухорий инновацион музейи экспозицияси мазмунини бойитишда жуда фойдали бўлди. Чунки билдирилган фикрлар, таклиф ва мулоҳазаларда асосан ўша давр руҳини нафақат инновацион усуллар билан балки, экспонатлар билан, Имом Бухорий ўқиган мактаб ва мадрасалар макетлари, шаҳарлар кўринишлари билан намойиш қилишга қаратилди. Имом Бухорийнинг буюк аллома бўлиб етишишига ҳисса қўшган устозлари, у билан бир даврда яшаб ижод қилган муҳаддислар ва буюк аждодимиз шогирдлари ҳақида ҳам қўшимча маълумотлар қўшиш кераклиги таъкидланди.

 

Имом Бухорий меросига ислом оламида жуда катта қизиқиш ва ҳурмат билан қаралади. Шу боис, музей экспозициясини бойитишда жаҳон тажрибасини ҳисобга олиш, Имом Бухорийнинг маънавий мероси нафақат ўзбек халқи, балки бутун ислом оламининг мероси эканлиги ҳисобга олиниши таъкидланди.

Йиғилиш якунида:

- Имом Бухорий ордени билан тақдирланган халқаро ва маҳаллий мутасаддилар фотоэкспозициясини ташкил  этиш;

- Имом Бухорий инновацион музейи экспозицияси учун тайёрланадиган барча тушунтириш матнларини тайёрлаш ишларини якунига етказиш;

- инновацион музей деворий панноларида акс этадиган иншоотлар ҳақидаги маълумотлар, расмлар, хариталарни Тошкент архитектура ва қурилиш институтидан олиш;

- Янги Ўзбекистонда Имом Бухорий меросини ўрганиш, тарғиб қилиш бўйича амалга оширилган ишлар фотокўргазмасини яратиш;

- Имом Бухорий инновацион музейи концепциясига Имом Бухорийнинг издошлари ва улар ҳақидаги маълумотларни киритиш ҳамда экспозицияда намойиш этиш;

- бугунги кунда дунёда Имом Бухорий номи билан аталадиган кутубхоналар, музейлар, университетлар, фильмлар, дастурлар, илмий марказлар ва бошқалар мавжуд, шу муносабат билан, Музейда “Имом Бухорий ва дунё” деб номланган алоҳида экспозиция ташкил қилиш лозим бўйича қарор қабул қилинди.