Бой меросимиз, шиддатли бугунимизни акс эттирувчи маскан


Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида бугунги глобаллашув жараёнлари замон зиёлилари зиммасига залворли, янада улкан вазифалар юклаётгани таъкидланди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан Марказ фаолияти ва музей экспозициясини шакллантириш ишларини мувофиқлаштириш кенгашининг навбатдаги йиғилишида шу ҳақда сўз борди.  

Унда Марказ мутасаддилари, олимлар, профессорлар, соҳа мутахассислари иштирок этди.  

Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров янгиланаётган Ўзбекистонда маънавий-маърифий жабҳалардаги ўзгаришлар жадал кечаётганини таъкидлади.  

Йиғилишда дастлаб 2023 йилда Марказ томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берилди.  

Ноёб меросимизни илмий асосда чуқур ўрганиш, буюк мутафаккирларимизнинг ҳаёти, илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, улар билан аҳолимиз ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, инсон қалби ва онгини эгаллаш учун турли таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги мураккаб даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшларни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш долзарбдир.  

2017 йили Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси ва ғояси билан ана шундай улуғвор вазифаларни амалга оширадиган, наинки юртимиз, балки дунё миқёсида етакчи бўла оладиган, ҳеч қайси илмий марказларга ўхшамайдиган ўзига хос илм-маърифат маскани – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази очилди. Марказ бир вақтнинг ўзида ҳам музей, ҳам кутубхона, ҳам илмий-тадқиқотлар олиб бориладиган кўп тармоқли илмий, маданий, маърифий, маънавий муассаса шаклида бунёд этилмоқда. Шунга мувофиқ равишда унинг фаолияти ҳам кенг қамровлидир. Унда қадимий тарихимиз ва серқирра маданиятимизнинг сарчашмалари бўлган асл манбалар ўрганилиб, аждодларимиз яратган бой илмий ва маънавий мерос тадқиқ этилмоқда. Ислом илмлари, ижтимоий-гуманитар, табиий ва аниқ фанларга оид нодир манбаларни жамлаш, уларни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга безавол етказиш каби умуммиллий аҳамиятга молик ишларда ҳам Марказнинг алоҳида ўрни бўлади. Бундай манбаларнинг замонавий нашрларини амалга ошириш, мамлакатимизда ва халқаро миқёсда оммалаштириш унинг вазифалари қаторига киради. Марказ кенг маънодаги ислом цивилизациясининг мазмунини, энг аввало, муқаддас ислом динининг инсонпарвар моҳиятини ўзида мужассам этган ва тарғиб қиладиган илмий нашрларни ҳам чоп эттириб, халқаро кўламдаги анжуманларни ўтказмоқда. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази Франциядаги – Лувр, Англиядаги – Британия, Нью-Йоркдаги – Метрополитен музейлари, Санкт-Петербургдаги – Эрмитаж каби оламшумул илмий-маърифий муассасалар қаторига қўшилишга интилмоқда.  

Тошкентнинг маънавий юраги – Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида бунёд этилаётган мазкур муассаса аждодларимиз томонидан ислом цивилизациясига қўшилган беназир ҳиссанинг барча қирралари, жумладан, муқаддас динимиз равнақи, илму фан тараққиёти, маънавий камолот йўлидаги саъй-ҳаракатлари исботларини ўзида мужассам этади. Унга келган ҳар бир фуқаро қандай буюк юртда туғилгани, қандай улуғ инсонлар вориси экани, зиммасидаги масъулиятнинг залворини чуқур ҳис қилади. Хорижий меҳмонлар эса, ушбу муассаса мисолида Ўзбекистоннинг ўтмишию бугуни ҳақида яхлит тасаввурга эга бўлади.  

Марказ Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 7 гектарлик майдонда барпо этилмоқда. Узунлиги 161 метр, эни эса 118 метрни ташкил этадиган мазкур марказ биноси уч қаватдан иборат бўлади. Бино марказий гумбазининг баландлиги 65 метрни ташкил этади. Марказ биноси 2024 йили фойдаланишга топширилиши мўлжалланмоқда. Шу вақтгача Марказ дунёнинг йигирмадан зиёд нуфузли халқаро илмий муассаса ва тузилмалари, жумладан, UNESCO, ICESCO, IRCICA каби халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Ҳамкорлик доирасида марказнинг мақсад ва вазифаларига доир турли конференция ва семинарлар мунтазам ташкил этилмоқда. Бугунги кунга қадар Малайзия, Индонезия, Туркия, Россия, Буюк Британия, Франция каби мамлакатларда тақдимот маросимлари ўтказилди.

Марказ ташкилотчи ва ҳамкор сифатида 73 та халқаро тадбир ва учрашувлар ўтказди. Халқаро ва хорижий турдош ташкилотлар билан ўтган давр мобайнида жами 32 та, шу жумладан 2023 йилда 4 та ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Марказда илмий даражалар берувчи махсус Кенгаш фаолият юритади, шунингдек, ОАК рўйхатидаги “Ўзбекистон – ислом цивилизацияси маркази” журнали чоп этилмоқда.  

Марказ биноси, музей ва кутубхонасини шакллантириш бўйича 100 га яқин олим-мутахассислардан иборат Ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди. Улар томонидан Марказ музейининг илмий-тарихий концепцияси такомиллаштирилмоқда ва татбиқ этилмоқда. Музей экспозицияси лойиҳасида назарда тутилган экспонат, макет ва муляждан 301 та экспонат тайёрланди. Илмий-ижодий гуруҳ томонидан тайёрланган 17 та фильм сценарийси турк тилига таржима қилинди. “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” бўлими концепцияси асосида 40 та мавзудан иборат экспозиция лойиҳаси ва унинг 3D кўриниши яратилди.  

Марказ кутубхона ва архив фондида жами 560 минг 859 та манба ва адабиётлар сақланмоқда. Шундан 2037 та қўлёзма ва тошбосма китоблар ҳамда тарихий ҳужжатлар, 26 минг 648 та замонавий нашрлар ва 532 минг 174 та электрон ресурслар ташкил этади. 103 та илмий-оммабоп китоб, монография, ўқув қўлланма, рисола ва тўпламлар нашр этилди. Шундан 2023 йилда 28 та китоб ва рисола нашр қилинди. Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда диний мазмундаги 400 та материал таҳлил қилинди ва раддия сифатида 84 та видеоролик тайёрланди.  

Республика фондларидаги 52 минг 255 та қадимий ёзма манбалар (шундан 21 минг 670 та қўлёзма, 30 минг 585 та тошбосма)нинг маълумотлар базаси яратилди, 7 мингта ёзма манбанинг реестри (паспорти) тайёрланди. Давлат реестрига киритилган 127 та ёзма манба рақамлаштирилди.  

Марказ биносининг ички ва ташқи безаклари, хаттотлик ёзувлари бўйича ахборот, асосий равоқлардаги маҳобатли рангтасвир асарлари, Қуръон зали равоқларидаги ипак гилам юзасига туширилган оятлар, шунингдек, истиқболдаги режалар ҳақида ахборот берилди. Марказ бир вақтнинг ўзида ҳам музей, ҳам кутубхона, ҳам илмий-тадқиқотлар олиб бориладиган кўп тармоқли илмий, маданий, маърифий, маънавий муассаса шаклида бунёд этилмоқда.  

Ушбу маърифат масканининг келгусидаги фаолият режалари белгиланди.  

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ва музей экспозициясини шакллантириш ишларини мувофиқлаштириш кенгаши раиси Музаффар Комилов сўзга чиқди.  

Н.Усмонова, ЎзА

манба: uza.uz Бой меросимиз, шиддатли бугунимизни акс эттирувчи маскан (uza.uz)