Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси бўйича француз компанияси билан ҳамкорлик қилади
Ислом цивилизацияси маркази музейининг экспозиция концепциясини шакллантириш ишлари жаҳон тажрибасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда. Музей таркибий тузилмасини бойитиш ва мазмунан юқори савияда ташкил этиш мақсадида Франциянинг Avesta Group ташкилоти билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Компания вакиллари Аннабель Дио Верн, Юлия Оськина, Екатерина Березникова бир ҳафтага яқин вақт давомида Марказда бўлиб, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар билан танишди.
Музей экспозициялари шакллантирилаётганда Марказий Осиё халқларининг цивилизация тараққиётига қўшган ҳиссаси, ислом маданияти ва илмий мероси алоҳида ёритилади. Мазкур концепция сўнгги олти ой давомида халқаро конгресслар, илмий форумлар ва семинарларда муҳокама қилинган, соҳанинг етакчи олимлари томонидан таклифлар билдирилган.
Avesta Group – халқаро даражада музей экспозициялари бўйича етакчи ташкилотлардан бири бўлиб, Франция, Қатар, БАА ва бошқа давлатлардаги машҳур маданий марказлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Уларнинг ишлари маданий меросни сақлаш ва уни авлодларга етказиб бериш борасидаги самарали йўналтирилган.
Сўнгги муҳим ишлардан бири – Қатар Ислом санъати музейи концепциясини шакллантириш бўлган. Айни пайтда Avesta Group ва Ислом цивилизацияси маркази мутахассислари ўртасида конструктив мулоқот давом этмоқда, зарур маълумотлар алмашилмоқда ва концепцияни такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.