Ўзбекистон шахмат ватаними?
Шахматнинг келиб чиқиши ҳақида кўплаб афсона ва тахминлар бор. Лекин мамлакатдаги археологик топилмалар бу ўйиннинг ҳақиқий ватани Ўзбекистон бўлиши мумкинлигини инкор этмайди. Олимлар Афросиёб ва Далварзинтепадан топилган шахмат доналари дунёнинг бошқа ҳудудларидан топилган доналардан бир неча аср олдинроқ яратилганини исботлаган.
Айрим манбаларда канадалик археологлар томонидан 1991 йилда Иорданиядан топилган ҳайкалча — энг қадимий шахмат донаси деб тахмин қилинади. Ушбу топилма VIII асрга оид бўлиб, қумтошдан ясалган. Шунингдек, Самарқанддаги Афросиёб харобасидан топилган, VII асрга мансуб фил суягидан ясалган шахмат доналари энг қадимгиси сифатида эътироф этилади. Афросиёб шахмат доналари шоҳ, вазир, арава, фил, икки қуролли отлиқ ва пиёда жангчидан иборат.
Бундан ҳам қадимийроқ топилмалар 1972 йилда Далварзинтепадан аниқланган. Галина Пугаченкова бошчилигидаги экспедиция томонидан қазилган шахмат доналари эрамизнинг II асрига мансуб деб баҳоланган. Доналардан бири фил шаклида, иккинчиси эса от фигурасида бўлиб, улар ўша даврдаги шахматнинг ривожланганини тасдиқлайди.
Мазкур топилма ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти ноёб объектлар бўлимида сақланмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида юртимиз худудидан топилган қадимий шахмат доналари ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.