Илм-фан, тарих, маданият, илғор технологияларни ўзида мужассам этган мунаввар маскан
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти, унинг истиқболи шу кунларда дунё олимларининг эътиборида, десак муболаға бўлмайди.
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Шарқ Ренессанси феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар” Ўзбекистон маданий мероси ҳафталигининг ялпи йиғилишида бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин исботини топди.
Унинг доирасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш, Халқаро экспертлар кенгаши, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг кенгайтирилган илмий кенгашининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда Тошкентнинг тарихий марказида барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг илм-фан, ислом таълимоти ва тарихи, маънавият ва маърифатга доир барча маълумотларни энг сўнгги рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект янгиликларини ўзида мужассам этгани ҳолда ифода этишига оид режа ва лойиҳалар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Анжуманга мамлакатимиз ва хорижнинг етакчи тарихчи, қадимшунос олимлари, экспертлар, музейшунослар, реставраторлар, дин соҳаси вакиллари, хаттотлар, мусаввирлар ва дизайнерлар, замонавий рақамли технологияларнинг билимдонлари, шарқшунос олимлар, адиб ва ижодкорлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов мамлакатимизда кечаётган шиддатли янгиланиш жараёнлари маърифий соҳалардаги туб ижобий ўзгаришлар билан ҳамоҳанг эканини таъкидлади.
– Янги Ўзбекистоннинг ёрқин ва юксак маънавий тимсоли бўлмиш Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида барпо этилаётгани, бундай маданий мерос ҳафталикларининг юқори савияда ўтказилаётгани мамлакатимизнинг қайтадан илм-фан, маърифат марказига, Учинчи Ренессанснинг маконига айланаётганидан дарак беради, – деди Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов. – Бугун қадимий ва бетакрор диёримизда табаррук номлари жаҳонга машҳур бўлган, ҳаёти ва фаолиятини меҳр қўйиб ўрганадиган не-не буюк зотларнинг илм-фан дунёсини мунаввар қилган тафаккур машъали яна порламоқда, десак муболаға бўлмайди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказида маданий, ижтимоий-гуманитар йўналишда амалга оширилаётган мега лойиҳадир. Ушбу маскан бир вақтнинг ўзида бизнинг давлатчилигимизнинг тарихи ва анъаналари, қадриятларини ифода этиши билан бирга, мамлакатимизнинг замонавий ва келажакдаги истиқболини ўзида акс эттирган Тараққиёт стратегиясининг мақсад ва вазифаларини ҳам ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир. Барчамиз яхши тушунамизки, фақат ўтмиш, буюк аждодлар билан фахрланиш билан чекланиб, узоққа бориб бўлмайди. Биз аждодларимиз қўлга киритган юксак марраларга таяниб, янгича тафаккур асосида янги ҳаёт, янги жамият, янги цивилизацияни барпо этишга, бугунги глобал дунёда ўзимизнинг муносиб ўрнимизни эгаллашга азму қарор қилганмиз. Шу маънода Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эркин ва мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва технологияларни пухта эгаллаган ёшларни – янги цивилизация бунёдкорларини камол топтиришга хизмат қилмоғи керак.
Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов мамлакатимизда яқиндагина баланд руҳда ўтказилган ҳамда халқаро ҳамжамият эътибори ва эътирофига сазовор бўлган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” ҳамда Имом Термизий илмий меросига бағишланган халқаро анжуманларнинг юқори савияда ўтказилгани маърифий ислоҳотларнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади. Шу билан бирга мазкур нуфузли халқаро анжуманларнинг иштирокчилари мамлакатимизда диний ва дунёвий йўналишдаги эзгу саъй-ҳаракатлар мўътадиллиги, буюк аждодлар меросига таяниши, халқимизнинг эзгу мақсад-муддаоларига ҳамоҳанг эканини намуна сифатида қайд этгани аҳамиятга моликдир.
Анжуманда ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби, атоқли адиб ва публицист Султон Раев табаррук Ўзбекистон диёри азалдан қадимий илм-фан, маданият ва санъатнинг бебаҳо бешиги бўлиши билан бирга ушбу илмий мерос туркий халқлар, умуман башарият учун ғоят қадрли эканини таъкидлади.
—Маърифий соҳаларда олиб борилаётган янгиланишларнинг ёрқин натижалари Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси, узоқни кўзлаб олиб бораётган инсонпарвар, маърифатпарвар, тинчликпарвар сиёсатининг амалий натижасидир, – деди ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев. – Бугун Ўзбекистон маънавий-интеллектуал меросни асраб-авайлаш, уни қайта тиклаш ва тарғиб этишда мислсиз натижаларга эришмоқда. Бу йўналишдаги эзгу ва кенг қамровли саъй-ҳаракатлар ғоят ибратлидир.
IRCICA ташкилоти директори, профессор Махмуд Эрол Қилич ўзбек диёридан етишиб чиққан Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний сингари алломаларнинг мероси Европа тараққиёт нуқтасининг бошланиши бўлганини қайд этди. Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган Учинчи Ренессанснинг йўллари ҳам буюк алломаларнинг ана шу тарихий, фалсафий меросига асосланишини таъкидлади.
Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов етти йил муқаддам Президентимиз БМТ минбаридан туриб, Исломнинг ҳақиқий гуманистик моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказиш энг муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлаганини қайд этди. 2017 йил 23 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори қабул қилинди. Шундан сўнг Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди.
2018 йил июнь ойида Президент Марказнинг пойдеворига шахсан дастлабки рамзий тошни қўйди ва “Бу марказ қурилишининг мақсади – ислом маърифатини ўрганиш, буюк аждодларимизнинг меросини, аввало, халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятига етказиш“, – деб таъкидлади. Бугунги кунгача ҳурматли Президентимиз бир неча бор Марказга шахсан ташриф буюрган ва лойиҳа ҳамда қурилиш жараёнлари билан танишган.
Таъкидлаш жоизки, Марказ фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўнга яқин фармон, қарор ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Албатта, ўтган етти йил мобайнида катта ишлар амалга оширилди. Аммо бугун бу йирик мега лойиҳани ҳаётга жорий этиш учун маҳаллий ва халқаро даражадаги олимлар, мутахассислар ва экспертларнинг тажрибаси ва маслаҳатлари жуда зарурдир.
Анжуман давомида Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказининг келгусидаги фаолияти, қиёфаси, унинг тузилмаларига доир ранг-баранг ва қизиқарли лойиҳалар тақдим этилди.
Туркиялик трансмедиа лойиҳалар продюсери Аҳмад Салимнинг “Ўзбекистондан дунёга 1001 ихтиро”, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоеванинг “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси”, Франциянинг “Вильмот” компанияси ижрочи директори Борина Андриенинг “Меъморий ечимлар, интерьер дизайн ва Иккинчи Ренессанс экспозицияси сценографияси”, Россиянинг “Сбербанк” молиявий тузилмаси халқаро бўлим бошлиғи Олег Капитовнинг “Сунъий интеллект халқлар учун. Меросни асраб, келажакни қуриш”, Туркиядаги Ourdoors Factory компанияси бош директори Синан Тураманнинг “Имом Бухорий инновацион музейи”, Россиянинг “Сила света” компанияси бош директори Александр Уснинг “Учинчи Ренессанс” номли инновацион лойиҳаларининг тақдимоти анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Мазкур ижодий лойиҳалар Ислом цивилизацияси маркази муҳташам биносининг келгусидаги тузилиши, серқирра маърифий фаолияти ҳақида тўлақонли тасаввур бергани билан аҳамиятли бўлди.
Анжуман якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти “Йўл харитаси”га киритилиши режалаштирилган лойиҳалар хусусида батафсил сўз юритилди. Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази яқин пайтлар ичида илм-фан, тарих, маданият, маърифат, энг илғор технологияларни ўзида мужассам этган мунаввар, муҳташам, муаззам масканга айланиши аниқ.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (суратлар), ЎзА мухбирлари.