15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида "Ислом - тинчлик ва эзгулик дини" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади


ТОШКЕНТ, 9 октябрь. "Дунё" АА/. Аввал маълум қилганимиздек, шу йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида "Ислом – тинчлик ва эзгулик дини" мавзусида нуфузли халқаро конференция ўтказилади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 19 сентябрда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида: "Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз. Шундай буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда "Ислом – тинчлик ва эзгулик дини" мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурамиз", дея таъкидлаган эди.

Давлатимиз раҳбарининг эзгу ташаббуси халқаро ҳамжамият томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Бу эзгу таклиф натижаси ўлароқ, 2024 йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида "Ислом – тинчлик ва эзгулик дини" мавзусида нуфузли халқаро конференция ўтказилмоқда. Анжуман ишида Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Иордания, Ўмон, Россия, АҚШ, Франция, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Покистон каби дунёнинг 22 мамлакатидан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этиши кутиляпти.

Конференциядан кўзланган асосий мақсад – шиддатли глобаллашув шароитида ислом дини қадриятлари, унинг тинчликпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ёшларни диний бағрикенглик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда ислом динига ёт радикал қарашларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантириш ва бунда Ўзбекистон тажрибасини, динийлик ва дунёвийлик мувозанатини сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини халқаро жамоатчиликка етказишдан иборатдир.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан мамлакатимизда сўнгги етти йилда диний-маърифий соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Термизий номидаги ислом институти ташкил қилинди.

Бу муассасаларнинг барчаси нафақат диний, балки дунёвий илмларда улкан ютуқларни қўлга киритган буюк алломаларимизнинг меросини асраб-авайлаш, бугунги кун воқелиги нуқтаи назаридан чуқур тадқиқ этиш, ёйиш ва тарғиб қилиш, нафақат мусулмон олами, балки бутун жаҳон жамоатчилигига танитишга хизмат қиляпти. Шунингдек, бу марказлар Ўзбекистоннинг "Жаҳолатга қарши – маърифат" шиорига мувофиқ равишда ислом динининг тинчликпарварлик, бағрикенглик ва маърифатпарварлик ғояларини тарқатишга, шу тариқа мамлакат, минтақа ва дунё миқёсида радикализм ва экстремизмга қарши курашни кучайтириш, бу иллатларни таг-томири билан йўқ қилишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Ташкилий қўмита маълумотига кўра, конференция 15 октябрь куни Тошкент шаҳридаги "Hilton" мажмуасининг анжуманлар залида ўз ишини бошлайди. Анжуман доирасида қуйидаги мавзуларда шўъба йиғишлари ўтказилади:

- Ислом қадриятларини асраб-авайлашда ҳанафий-мотуридий таълимотининг ўрни;

- Глобаллашув шароитида ислом: мўътадиллик ва бағрикенглик;

- Замонавий жамиятда ғоявий таҳдидларнинг олдини олиш омиллари ва амалий ечимлар.

Конференция 16 октябрь куни Хива шаҳрида давом этади. Унда "Ислом – тинчлик ва эзгулик дини" мавзусидаги халқаро конференциясининг якуний декларацияси қабул қилинади.

Анжуман дунё халқларининг бирдамлиги ва муштарак тараққиётини таъминлашда ислом таълимотининг, буюк аждодлар меросининг ўрни ва аҳамиятини кўрсатиб бериш билан бирга, муқаддас динимиз шаънига доғ тушираётган, уни ниқоб қилиб, манфур мақсадларини амалга оширишга интилаётган бузғунчи тоифаларга қарши курашда ислом уламоларининг якдил фикрини қўллаб-қувватлаши билан ҳам ғоят муҳим ҳисобланади.