Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ислом сивилизацияси марказига ташрифи: Янги ғоялар, тавсиялар ва вазифалар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 29 январь куни Ислом цивилизацияси маркази қурилиши биносига ташрифи давомида қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов (зоом орқали), ФА вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, Шайх Абдулазиз Мансур, хаттот Ҳабибулло Солиҳ ва бир қатор давлат ва нодавлат ташикотлар масъуллари ҳамда Марказ ходимлари иштирок этди. Иштирокчилар бир қатор масалалар, жумладан марказнинг такомиллаштирилган экспозициялари va янгиланган Илмий концепция, илмий-инновацион лойиҳаларнинг ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар хусусида сўз юритишди.
— Президентимизнинг Ислом цивилизацияси марказига амалга оширган бу ташрифлари биз учун муҳим тарихий воқеа бўлди, — деди марказ директори Фирдавс Абдухоликов, — Бугунги учрашув davomida мазкур ташриф асносида билдирилган таклиф va тавсиялар юзасидан аниқ мақсадлар белгиланган, олдимизга кўйилган масъулиятли вазифалар ижросига киришишдан иборат. Маълумки, айни пайтга қадар Марказ томонидан Ўзбекистон олимлари миллий форуми, “Буюк аждодлар мероси – Янги Ренессанс асоси” халқаро конгресси, “Шарқ ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар va цивилизациялар” Халқаро маданий мерос ҳафталиги ўтказилган эди. Мазкур йирик тадбирларда билдирилган таклифлар асосида ҳозирга қадар 800 дан ортиқ илмий va инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбари ташриф давомида мазкур лойиҳалар асосида шакллантирилган экспозициялар билан танишди, бир қатор таклифлар билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов онлайн иштироки давомида Давлат раҳбарининг ташриф давомида Ислом цивилизацияси марказида фаннинг ролини янада ошириш, илмий ёндашувга кўпроқ эътибор қаратиш, илмнинг ўрнини va даражасини юксалтириш кераклигига алоҳида эътибор қаратгани ҳақида гапирди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов ҳам сўзга чиқиб, Шавкат Мирзиёев Марказни ижтимоий-гуманитар йўналишдаги ягона мега лойиҳа сифатида баҳолаганига алоҳида тўхталди:
— Бизнинг бой маънавий меросимиз бутун дунёга етиб бориши ҳақида Давлатимиз раҳбари доим таъкидлайди. Айнан мазкур Марказнинг бунёд этилиши ноёб мега лойиҳа, деб баҳолаганлар. Ислом цивилизацияси марказининг асл моҳияти – илм-маърифат бўлиши керак. Шу боис ҳам лойиҳани ташкил этиш доирасида ҳам маҳаллий, ҳам хорижий олимлар бел боғлашган. Олдимизда жуда катта вазифалар турибди. Бу бўлаётган ишлар замирида ёшлар учун имконият ва рағбат ётади. Лойиҳа бизни ғурурлантиради. Бу ишда хизмат қилаётганлар тарихда қолади. — деди Баҳром Абдуҳалимов.
Академик Акбар Ҳакимов Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказга ташрифи ҳамда фаолиятига тўхталар экан, амалга оширилган ишлар хусусида ўз фикрларини билдирди:
— Ислом цивилизацияси маркази тирик организмга ўхшайди. Бу марказ 8 йил олдин Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган. Дастлаб марказ биносининг дизайнига катта эътибор қаратилган эди – меъморчилик ва бадиий жиҳатдан мукаммал ечим топиш мақсад қилинган. Охирги 1-2 йил ичида эса марказнинг умумий қиёфаси шаклланиб бормоқда. Энди эса асосий эътибор илмий ва маънавий жиҳатдан марказни мустаҳкамлашга қаратилмоқда. Президентимизнинг сўнгги ташрифи нафақат янги топшириқларни белгилаб берди, балки янгича стратегик имкониятларни ҳам очди. Ислом цивилизацияси марказининг сиёсий ва мафкуравий мавқеи Президентимиз ташрифидан кейин янада юксалди.
Кенгаш давомида шу билан бирга Марказ ҳақида халқаро стандартларга жавоб бера оладиган медиалойиҳалар устида ҳам иш бошлангани ҳақида маълумот берилди.
Юз нафар буюк ўзбек алломалари ҳақида дунёнинг етакчи ахборот платформалари Euronews ва CNN форматида креатив роликлар тайёрлаш лойиҳаси ишга туширилади. Ушбу медиа-лойиҳалар бутун дунёга Ўзбекистоннинг таниқли тарихий шахслари, кашфиётлари, замонавий илм-фан ва техниканинг асосига айланган ўзбек олимлари, файласуфлар ва мутафаккирлар ҳақида ҳикоя қилади. Буюк алломалар меросини қайта тиклаб, инсоният тараққиётига йўл очади. Ушбу меросни глобал даражада тақдим этиш учун дунё юлдузларининг ҳикоячи сифатида иштирок этиши режалаштирилган. Морган Фриман, Дензел Вашингтон, Мел Гибсон, Бурак Озчивит, Бен Кингсли, Анжелина Жоли шулар жумласидандир.
Кенгайтирилган илмий кенгаш сўнггида иштирокчилар кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикр мулоҳазаларини билдиришди. Жумладан, Марказ қошида хаттотлик мактабини ташкил қилиш, ушбу таълим муассасаси иш фаолиятини белгилаш, Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг икки қаватли маъмурий биноси каби лойиҳалар муҳокама қилинди.