АҚШдаги кутубхонадан Темурийларга оид Қуръон қўлёзмасининг яна бир нусхаси топилди
АҚШдаги йирик кутубхоналардан бирида Темурийлар даврига оид Қуръони карим қўлёзмасининг яна бир нусхаси топилди. Бу ҳақда Франция Олий тадқиқотлар маркази профессори Карим Ифрак Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан онлайн учрашувда маълум қилди.
Карим Ифрак 2024 йилда ўтказилган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” VIII халқаро конгресс ҳамда Халқаро маданий мерос ҳафталигида иштирок этиб, Темурийлар даврида кўчирилган нодир рангли Қуръони карим қўлёзмаси ҳақида қизиқарли маълумотлар берган эди. Ҳозирда мазкур қўлёзма Ислом цивилизацияси маркази лойиҳалари қаторига киритилган.
Учрашув давомида Карим Ифрак АҚШдаги йирик кутубхоналардан бирида ушбу қўлёзманинг яна бир нусхаси топилганини маълум қилди. Шунингдек, у "Қуръони каримнинг Темурийлар даври қўлёзмалари" мавзусида Марказ билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Мулоқотда Ислом цивилизацияси марказининг катта илмий ходими Азимжон Ғафуров, халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Иззат Иброҳимов ва марказ илмий котиби Рустам Жабборов иштирок этди.
Карим Ифрак келгуси халқаро анжуманларда ўзининг янги кашфиётлари билан иштирок этишини таъкидлади. Шунингдек, унинг “Исломнинг пайғамбари: Ғарблик буюк олимлар нигоҳидаги беш аср” номли янги китоби нашрга тайёрланаётгани маълум қилинди.