Ислом цивилизацияси маркази равоқларида гавдалантириладиган сиймолар муҳокама қилинди


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносининг кириш қисми учун яратилаётган ранг-тасвир асарлари бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда масъул ташкилотлар раҳбар ва ходимлари, олимлар, рассомлар, санъатшунослар ва дин арбоблари иштирок этди. Йиғилишда марказ биносидаги 14 та равоқ учун мўлжалланган асарларнинг тайёрланиш жараёни муҳокама қилинди.

Унда Бадиий академия, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий, Имом Термизий ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакиллари ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг январь ойидаги Марказга ташрифи давомида билдирилган фикрлар ва тавсиялар асосида равоқлар учун мавзулар қайта кўриб чиқилди. Ҳозиргача 11 та равоқ учун асарлар тайёр бўлиб, уларнинг 9 таси ўз жойига ўрнатилган.

Янги тасдиқланган ранг-тасвир асарларидан бири Абу Мансур Мотуридий ва унинг издоши Насафийга бағишланади. Иккинчисида Абул Ҳафс Кабир ҳаёти акс эттирилади. Учинчи асар эса араб тили ва грамматикаси асосларини ишлаб чиққан Маҳмуд Замахшарий шахсиятига бағишланади.

Мазкур асарларни яратиш учун махсус рассомлар гуруҳи ташкил этилган бўлиб, унга Ўзбекистон халқ рассоми, академик Алишер Алиқулов раҳбарлик қилади. Улар тарихий шахсларнинг қиёфаси ва давр руҳини илмий ҳамда ижодий ёндашув асосида акс эттириш устида иш олиб бормоқда.