Эрон миллий кутубхонаси раҳбари билан онлайн учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Эрон Миллий кутубхонаси ва архиви директори Ғуломризо Амирхоний билан онлайн мулоқот ўтказди.
1852 йилда ташкил қилинган Эрон Миллий кутубхонаси Яқин Шарқ минтақасидаги энг йирик ва бой маданий-маърифий марказлар сирасига киради. Айни пайтда ушбу кутубхонада Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий сингари буюк алломаларимиз ижодига мансуб кўплаб қўлёзмалар сақланади. Мулоқот давомида Марказ директори бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён ташаббуслари билан икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ғояси асосида бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эронлик олимлар ва тадқиқотчилар билан ҳамкорликка ҳар доим тайёр эканини, бу ерда хорижлик мутахассислар илмий изланишлар олиб бориши барча шарт-шароитлар яратилишини билдирди.
Ғуломризо Амирхоний 2024 йил 23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган “Буюк аждодлар мероси - Учинчи Ренессанс пойдевори” VIII Халқаро конгрессида ҳам иштирок этиб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази контентини бойитиш бўйича бир қатор таклиф ва лойиҳаларни илгари сурган эди.
Онлайн мулоқот давомида Амирхоний Ўзбекистонда маданий меросни асрашга Давлат раҳбари ташаббуси билан катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилиши Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилганидан яққол дарак беради.
Мулоқот давомида яқин вақт ичида Эрон Миллий кутубхонасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази хонасини очишга келишиб олинди. Мазкур хонадан Эронда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар натижалари, қўлёзмалар ва нашрлар, жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан чоп этилган китоб-альбомлар ўрин олади.
Ўз навбатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносидан бир қатор халқаро ва хорижий ташкилотлар, жумладан Эрон Миллий кутубхонаси учун ҳам алоҳида жой ажратилиши кўзда тутилган. Доктор Амирхоний Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимида, шунингдек жорий йилда тўққизинчи маротаба ўтказиладиган “Буюк аждодлар мероси - Учинчи Ренессанс пойдевори” Халқаро конгрессида бир гуруҳ эронлик олимлар билан бирга иштирок этишини билдирди. Конгресс доирасида Эрон Миллий кутубхонасида сақланаётган қўлёзмалар кўргазмасини ташкил қилишга ҳам келишиб олинди.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати