Хабар:


     Ассалому алайкум. Муҳтарам юртдошларимиз телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлганларидек, 29 январь куни мамлакатимиз Раҳбари, Президент Ш.М.Мирзиёев Хасти Имом (Ҳазрати Имом) мавзесида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар. Давлат Раҳбарининг ҳар бир ташрифи қурилиш ва жиҳозлаш ишларини рационал олиб боришга замин ҳозирлаб беради. Юртдошларимизга, тақдим қилинаётган маълумотга қўшимча шуни маълум қилмоқчиманки, Марказ - умумхалқ мулки, унинг эшиклари барча учун очиқ бўлади. Марказнинг атрофи ободонлаштирилади ва маънавий-илмий озиқ ҳамда руҳий қувват олиб чиққан юртдошларимиз ҳамда меҳмонларимизга унинг атрофида ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар муҳайё қилинади. Яна бир нарсани таъкидлашни истаган бўлардимки, Ислом цивилизацияси маркази, унинг барпо этилишида иштирок этаётган барча инсонлар: Марказнинг ташаббускори, ҳомийлари ва бунёдкорлари томонидан динимиз, илм ва маърифат йўлида қилинган том маънодаги "садақаи жория" бўлади ва асрлар мобайнида улар, уларнинг фарзандларига савоб бўлиб ёзилиб туради. Шу ўринда, Марказни бунёд этишда хайрихоҳ бўлаётган барча юртдошларимизга миннатдорчилик билдираман. Жаҳоннинг энг жозибадор ва савобталаб иншоотларидан бири таркибида юртимизнинг ғурури бўладиган кутубхона ташкил қилишда барчангизни иштирок этишга даъват этиб қоламан.