Республика бўйлаб "Маърифат карвони" тадбирлари ўтказилади
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази ва Республика маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан 2-7 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйлаб “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусида Маънавият карвони илмий-маърифий тарғибот тадбирлари бўлиб ўтади.
Маънавият карвони Янги Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги тараққиёт йўли, янги юксалиш даврида эришилаётган ютуқлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ўтказилади.
Тадбир Республика Маънавият ва маърифат маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Фанлар академияси ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилади. Маънавият карвони доирасида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази моҳир мутаржими Мирзо Кенжабек томонидан таржима қилинган “Анворул-Қуръон: “Файзул-Фурқон” номли Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги еттинчи таржимаси тақдимоти бўлиб ўтади. Шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" китоб-альбомлари ватандошларимиз учун бепул туҳфа этилиши белгиланган. Бундан ташқари жойларда Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний каби Ислом оламининг етук олимлари ҳақидаги ҳужжатли ва анимацион фильмларнинг тақдимоти, илмий-маърифий мазмундаги видеороликларнинг намойиши бўлиб ўтиши режалаштирилган.
— "Маънавият карвони” бу янги лойиҳа ҳисобланади. Лойиҳанинг асосий мақсади барча вилоятларда зиёлилар ва республикада маънавият ва маърифатга жавоб берадиган шахсларнинг билимларини ошириш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилаётган ишлар билан таништириш. Иккинчидан, мазкур ишлар ҳақида зиёлиларимизнинг фикрларини тинглаш. Энг муҳими, бугунги кунда Президентимизнинг янги Ўзбекистондаги ислоҳотларини, замонавий усулда етказишдан иборат, — деди Республика Маънавият ва маърифат маркази директори Отабек Ҳасанов.
Йиғилишда ушбу тадбирни кўтаринки руҳда ва самарали ўтказиш зарурлиги таъкидланиб, масъулларга кўрсатмалар берилди. Жойларда мамлакатимизда сўнгги даврларда эришилган ютуқлар ифодаланган видеоролик ва фильмлар намойишини ташкил этишга алоҳида урғу берилди.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати