Буюк алломаларнинг ягона сиймосини яратиш бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди
Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси вакиллари, етук олимлар ва мутасаддилар иштирокида буюк алломаларнинг ягона сиймосини яратиш, қабул қилиш ҳамда тарихий фильмлар ишлаб чиқаришда улардан фойдаланиш масаласида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир аввалида 100 нафар буюк алломаларнинг ягона сиймосини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар тақдимоти, истиқболдаги вазифалар бўйича маълумот берилди.
Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов Президент ташаббуси билан гавдалантирилаётган 100 нафар буюк алломалар сиймосини яратишнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
"Президентимиз ташаббуси билан буюк алломаларимизнинг ягона миллий сиймосини гавдалантиришда сизларнинг кўмагингиз биз учун муҳим. Президентимиз томонидан амалга оширилаётган муҳим лойиҳалардан яна бири бугунги кунгача ягона сиймоси мавжуд бўлмаган 100 нафар алломаларимизнинг ягона миллий қиёфасини яратиш. Бу борада Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлари ва санъатшунос олимлар билан ҳамкорликда қатор ишлар олиб борилмоқда. Буюк аждодларимизнинг ягона миллий сиймоси тўлиқ шакллантирилиб, фильмларимизга, мактаблар каби фойдаланиш мумкин бўлган халқаро ҳамда маҳаллий платформаларга татбиқ ва тақдим этилиши режалаштирилмоқда.
Айрим жабҳаларда шу пайтгача яратилган кўпчилик алломаларимизнинг юз қиёфалари бир-бирига ўхшаб кетишини кузатиш мумкин. Уларни гавдалантиришда жуда эҳтиёт бўлишимиз зарур, деб ўйлайман", — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Бадиий академия академиги, санъатшунослик фанлари доктори Камола Акилованинг таъкидлашича, аксар аждодларнинг сиймоси ҳақида аниқ маълумот мавжуд бўлмагани боис рассомларга тарихчи олимларнинг ёрдами ниҳоятда зарурдир.
"Бизнинг миссиямиз — ўзбек халқига, ўзбек маданиятига қаҳрамон шахсларни гавдалантириб бериш. Бу жуда ҳам керакли жараён. Ҳар бир сиймони гавдалантиришда шарқшунос, санъатшунос ва тарихчи олимлар билан биргаликда ишларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ислом цивилизацияси маркази илмий-маърифий йўналишларидаги тадқиқотларни рағбатлантириб келаётгани қувонарли ҳолдир. Бу ғоят муҳим аҳамиятга эга", — деди академик.
Шунингдек, Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган "Тирик тарих" туркум фильмларини айнан ушбу миллий қиёфалар асосида яратиш таклифи киритилди. Бу фильмлар орқали буюк алломаларнинг ягона сиймоси халқ тасаввурида шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
Анжуманнинг ўзига хос жиҳатларидан бири, буюк алломаларнинг тасдиқланган сиймоларини сунъий интеллект ёрдамида жонлантиришга қаратилган инновацион таклиф ва амалий ишлар тақдимоти бўлди. 3D визуализация технологиялари ёрдамида алломалар билан интерактив мулоқот қилиш имкониятлари намойиш этилди, бу эса келажакда ёшлар учун ноёб маърифий восита яратилаётганини кўрсатди.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати