Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Ўз миллий тарихи ва маданиятига, интеллектуал ва маънавий салоҳиятига чуқур ҳурмат, уларни эҳтиёткорлик билан сақлаш ва бойитиш, шу асосда ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш жамиятнинг моддий ва маънавий тараққиётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Халқаро илмий жамоатчилик томонидан замонавий Ўзбекистон ҳудудида яшаган буюк олимлар ва мутафаккирларнинг, жаҳон тарихида “Шарқ уйғониши – Мусулмон Ренессанси” деб аталган даврда жаҳон фани ва маданиятининг ривожланишига қўшган беқиёс ҳиссаси, ҳақиқий маърифатли ва бағрикенг исломни ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятлари муносиб эътироф этилган. Хусусан, IX-XII асрларда Беруний ва Абу Али ибн Сино каби машҳур олимлар Хоразм Маъмун академиясида, “Байт ул-ҳикма”, яъни донишмандлик уйи деб аталган Бағдод академиясида Хоразмий ва Фарғоний, XV асрда Улуғбек ва унинг ҳамкасблари Али Қушчи ва Румий Самарқанддаги Мирзо Улуғбек илмий марказида фаолият олиб борганлар. Олимлар аниқ фанлар, тиббиёт ва фалсафа соҳаларида ноёб асарлар яратганлар. Бухорий ва Термизий каби уламолар ҳадисларни сақлаш, ислом динининг асл моҳияти ва аҳамиятини чуқур тадқиқ этиш ва тарғиб қилиш орқали Бухоро, Самарқанд ва Термизнинг шон-шарафини абадийлаштирганлар.
Эрта ўрта асрларда фаолият олиб борган буюк олимларнинг математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт, тарих, география, фалсафа, маданият ва санъат, меъморчилик каби фанлар соҳаларидаги илмий ғоялари ва ихтиролари жаҳон фани ва цивилизацияси ривожида бурилиш ясади.
Ўз замонасининг барча қийинчиликлари ва оғир синовларига қарамай, ушбу олимлар ва мутафаккирлар илмий тараққиёт, гуманизм ва маърифат ғояларига содиқ қолиб, маънавий жасоратнинг ҳақиқий намунасини кўрсатдилар. Уларнинг халқ ва бутун инсоният олдидаги буюк хизматлари Ўзбекистон мустақиллиги йилларида муносиб ҳурмат ва эътироф топди.
Ўзбек халқининг улуғ аждодлари томонидан яратилган ва бугунги маърифатли дунёни ҳайратга солиб келаётган илмий мерос нафақат бир миллат ва халқнинг маънавий бойлиги, балки бутун инсониятнинг маънавий меросидир. Ушбу бебаҳо бойлик, шубҳасиз, янги авлодлар учун билим ва донолик хазинаси бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, янги кашфиётлар учун мустаҳкам асос ҳисобланади.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу ноёб илмий мероснинг барча қирралари ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва ҳали ҳам ўз тадқиқотчиларини кутяпти.
Ўзбек халқининг яратувчанлик салоҳияти натижасида шаклланган ноёб меросни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, қадимий Сўғд ва Бақтрия буюк олимлари ва мутафаккирларининг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти тўғрисида яхлит тасаввур ҳосил қилиш, уларни Ўзбекистон халқи ва жаҳон жамоатчилигига танитиш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, бугунги мураккаб замонда исломнинг ҳақиқий гуманистик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат орқали курашиш, ёш авлодни гуманизм, миллий ғурур ва қадр-қиммат ғоялари руҳида тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 23 июнда Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Бугунги кунда Тошкентнинг тарихий Қорасарой кўчасидан ўтаётган ҳар бир инсоннинг кўзи Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Ўрта асрлар Самарқанд-Ҳирот меъморчилик услубида қурилаётган биносига тушади. Бино 7 гектардан ортиқ майдонда жойлашган. Уч қаватли бинонинг баландлиги 145 метр ва кенглиги 115 метр. Марказий гумбазнинг баландлиги 64 метрни ташкил қилади.
Марказ биносида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси тарихи музейи алоҳида ўрин тутади.
Биринчи қаватда илмий-тадқиқот маркази, маълумотларни рақамлаштириш ва реставрация ишлари лабораториялари, музей экспонатлари ва нодир қўлёзмалар фонди, 200 ўринли замонавий кафетерия, вестибюль ва кассалар жойлашган.
Иккинчи қаватда 15 000 квадрат метрлик кўргазма залига эга музей жиҳозланади. Унда буюк аждодларимизнинг ижодий салоҳиятини кўрсатиб берувчи турли даврларга тегишли экспонатлар ва артефактлар тематик тартибда намойиш этилади. Уларнинг намойиши учун сўнгги авлод технологиялари ва рақамли ускуналар қўлланилади. Музей марказида, 64 метрли гумбаз остида Усмон Қуръони жойлашади. Усмон Қуръони – ислом дунёсининг улуғ ва бебаҳо ёзма ёдгорлиги ҳисобланади.
Шу қаватда, алоҳида кириш қисмига эга бўлган 550 ўринли халқаро конференциялар учун мўлжалланган кўркам зал жиҳозланади.
Учинчи қаватда 100 минг қўлёзма ва литография, миллиондан ортиқ китоб фондига эга кутубхона жойлашади. Шу қаватнинг ўзида Ислом цивилизацияси марказининг илмий бўлимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Халқаро ислом академияси жойлашади.
Ислом цивилизацияси маркази таркибига қуйидагилар киради: илмий-тадқиқот бўлимлари, нодир қўлёзмалар миллий реестрини юритиш бўлими, қўлёзмалар фонди, кутубхона ва архивлар, халқаро бўлим, зиёрат туризми, манбашунослик ва нашриёт фаолияти бўлимлари.
Марказ биносида реставрация лабораториялари, устахоналар, артефактлар ва қўлёзмалар учун изоляторлар, қўлёзмалар ва қимматли нашрларни таржима қилиш ва кодлаш бўлимлари ҳам жиҳозланади. Музей экспозициясининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
- Аниқ ва кенг кўламли илмий далиллар (манбалар ва материаллар) асосида Ўзбекистон жаҳон цивилизациясининг марказларидан бири эканини кўрсатиш, аждодларимизнинг диний ва дунёвий фанларнинг ривожига қўшган ҳиссасини акс эттириш;
- Мустақил мамлакатимизда миллий ва диний қадриятларни тиклаш бўйича амалга оширилаётган сиёсат ва унинг амалий натижаларини ёритиш;
- Тарихий фактларга таянган ҳолда ислом цивилизациясининг Ўзбекистон ҳудудида босқичма-босқич, объектив ва тизимли ривожланишини намоён этиш;
- XXI асрда жаҳон тараққиёти контекстида Ўзбекистонда фан, маданият, замонавий технологияларнинг ривожланишини кўрсатиш;
- Исломнинг ўзбек халқи маънавий ва маърифий турмушидаги ижобий ўрни ва аҳамиятини кўрсатиш, ёшларнинг илм ўрганишга, ҳар томонлама ривожланишига, республикада миллатлараро ва динлараро тинчлик ва ҳамкорликни таъминлашга даъват қилиш;
- Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсат мисолида исломнинг сиёсийлаштирилиши, унинг шиорларидан ёмон ниятларда фойдаланиш ҳар бир мамлакат ва бутун жаҳон ҳамжамияти учун катта хавф туғдираётгани, дунёвий ва маънавий жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарурати ва имкониятлари ҳақида тушунтириш бериш;
- Жамиятнинг маънавий янгиланишига ҳисса қўшиш орқали маърифатли ислом ғояларини тарқатиш ва тарғиб қилиш, ёшларимизда буюк ўтмишга бўлган фахр туйғусини шакллантириш, аждодларимизнинг бебаҳо ижодий мероси билан фахрланиш ва ўрта асрнинг ёрқин ақл-заковати давомчилари бўлиш истагини уйғотиш;
- Исломнинг ҳақиқий гуманистик, тинчликпарвар ва бағрикенг моҳиятини кенг оммага етказиш.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдида турган асосий вазифалар шулардан иборат.
Марказ UNESCO, ICESCO, IRCICA каби нуфузли халқаро ташкилотлар кўмагида динлараро ва маданиятлараро мулоқотни йўлга қўйишга ҳисса қўшиши лозим.
Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов раҳбарлигида Васийлар кенгаши ташкил этилган. Васийлар кенгаши аъзолари давлат арбоблари, етакчи олимлар, машҳур меценатлар, санъат арбоблари, тарихчилар ва бошқалардан иборат.
Айни пайтда, Ислом цивилизацияси маркази кўпқиррали фаолият олиб бормоқда: музей экспозицияси қайта кўриб чиқилмоқда ва такомиллаштирилмоқда, кутубхона фонди шакллантирилмоқда, замонавий технологиялар, шу жумладан сунъий интеллект ва иммерсив экспозиция залларини яратиш имкониятлари ўрганилмоқда. Қўлёзма ва китоб фондларини кодификация ва рақамлаштириш, архив ва медиамарказ ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази белгиланган вазифалар ва мақсадларни муваффақиятли амалга ошириш учун машҳур илмий ва маданий муассасалар, олимлар ва тадқиқотчилар билан кенг кўламли халқаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
Ислом цивилизацияси марказининг амалий фаолиятига унинг директори, фан доктори Ф.Ф. Абдухолиқов раҳбарлик қилмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Мақсадимиз
Мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш
Вазифамиз
Марказда, маҳаллий ва чет эллик мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ва уларнинг натижаларидан юртимиз ҳамда жаҳон жамоатчилигини хабардор қилиб бориш