Сирдарёда "Маърифат карвони" тадбирлари ўтказилди


Сирдарё вилоятида 5 декабрь куни “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги “Маърифат карвони" илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди. Тадбирлар доирасида вилоятда учта асосий йўналиш бўйича учрашувлар ташкил этилди.

Хусусан, "Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари" мавзусида зиёлилар форумида Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Бекзод Исматов кириш сўзи билан қатнашди. Тадбирда академиклар, профессорлар, тарихчилар, шунингдек, маҳаллий зиёлилар ва имом-хатиблар иштирок этишди. Маърузачилар орасида Санжарбек Жуманов (тарих фанлари бўйича фалсафа доктори), Феруза Мухитдинова (юридик фанлари доктори), Равшан Худайберганов (тарих фанлари бўйича фалсафа доктори) ва бошқалар бўлди.

Форумда диний-маърифий соҳадаги ўзгаришлар, тарихий жараёнлар ва бунёдкорлик ишлари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, "Янги Ўзбекистон – ислоҳотлар фалсафаси" мавзусида маънавий-маърифий анжуманда 300 нафар иштирокчи, жумладан, олий ва ўрта таълим муассасалари вакиллари ва мактаб директор ўринбосарлари ва бошқа маърузачилар давлатимизнинг янги даврдаги ислоҳотлар фалсафаси ҳақида фикр билдирди.

"Замонавий ёшлар – тараққиёт драйвери" мавзусида илм-фан ва инновацияларга бағишланган маҳорат дарсларида эса ёшларнинг илм-фан ва инновациялардаги ўрни муҳокама қилинди. Китоб тақдимотлари ҳам ўтказилиб, 300 нафар ёшлар қатнашди.

Ушбу тадбирлар орқали “Маърифат карвони” Сирдарёда кенг маънавий юксалишга замин яратди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган Маърифат карвони тадбирлари республика бўйлаб барча вилоятларда ўтказилиши белгиланган.

 

Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати