2 декабрдан "Маърифат карвони" илмий-маърифий тарғибот тадбирлари старт олади
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази ва Республика маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан 2-7 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйлаб “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусида Маърифат карвони илмий-маърифий тарғибот тадбирлари бўлиб ўтиши ҳақида маълум қилинган эди.
Бугун Ислом цивилизацияси марказида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов бошчилигида учрашув ўтказилди.
Маърифат карвони Янги Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги тараққиёт йўли, янги юксалиш даврида эришилаётган ютуқлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ўтказилади.
Тадбир Республика Маънавият ва маърифат маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Фанлар академияси ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилади. Маърифат карвони доирасида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази моҳир мутаржими Мирзо Кенжабек томонидан таржима қилинган “Анворул-Қуръон: “Файзул-Фурқон” номли Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги еттинчи таржимаси тақдимоти бўлиб ўтади. Шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" китоб-альбомлари ватандошларимиз учун бепул туҳфа этилиши белгиланган. Бундан ташқари жойларда Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний каби Ислом оламининг етук олимлари ҳақидаги ҳужжатли ва анимацион фильмларнинг тақдимоти, илмий-маърифий мазмундаги видеороликларнинг намойиши бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати