Қорақалпоғистонда "Маърифат карвони" тадбирлари бўлиб ўтмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда «Тамаддун, маданият ва маърифат» мавзусида «Маърифат карвони» илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари республика бўйлаб бошланди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари бошчилигидаги зиёлилар жумладан, Мансур Бекмуродов, Муҳаммаджон Қуронов, Анвар Матниёзов каби қатор етук олимлар гуруҳи Қорақалпоғистондаги тарғибот тадбирларида иштирок этмоқда.
«Маърифат карвони» илмий-маърифий ва маданий тадбирларининг ўзига хос жиҳати шундаки, ҳудудлардаги олимлар, зиёлилар, санъат ва маданият намоёндалари, маънавий-маърифий ишларга масъуллар, маҳалла фаоллари ҳамда илғор ёшларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш, мамлакатимизнинг миллий-мафкура йўналишидаги ислоҳотлари, жамиятни, айниқса ёшларни бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилишда зиёлиларни фаолликка ундаш, улар учун мулоқот платформасини яратишдан иборат. Айнан зиёлиларни мазкур ишга кенг жалб қилиш орқали, халқимиз орасида ўзликни англаш ва тарихий илдизимизга оид билимларни ошириш мақсад қилинган.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати