"Ўзбекистон - Ислом цивилизацияси маркази ва Янги Ўзбекистон" фото кўргазма иш бошлади


 

Жонажон Ватанимизнинг халқаро обрўси (имиджи) тобора ортиб бормоқда. Диний-маърифий, жумладан буюк аждодлар меросини ўрганиш бўйича Давлат Раҳбари томонидан илгари сурилаётган ва амалга оширилаётган ташаббуслар хориж мамлакатлар етакчилари, сиёсат ва илмий арбоблари томонидан ҳар томонлама қўллаб қувватланмоқда. Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Туркия Республикасида жойлашган Ислом тарихи ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (ИРСИКА) билан ҳамкорликда, шунингдек Туркиядаги Элчихонамиз ва Бош консулхонамиз иштирокида бугун Истанбул шаҳрининг энг кўркам Лолазор хиёбонида жойлашган ИРСИКА бош қароргоҳида "Ўзбекистон - Ислом цивилизацияси маркази ва Янги Ўзбекистон" мавзуларида фото кўргазма очилди. Унда шонли тарихимиз ва буюк келажагимиз мавзусида асосан ҳали эълон қилинмаган фотосуратлар, архив материаллари ҳамда тақдимотлар орқали дўст ва қардош Туркия халқи жамоатчилигига мустақил Ўзбекистон, унинг тарихи ва бугунги куни тўғрисидаги маълумотлар ўрин эгаллаган.

Фотокўргазманинг расмий очилиш маросимида ИРСИКА бош директори Профессор Эрол Қилич сўзга чиқиб  тадбир аҳамияти ва хақларимиз ўртасидаги алоқалар тўғрисидаги илиқ фикрларини билдириб ўтди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консули Амирсаид Саидазизович Аъзамхўжаев бу каби маданий тадбирлар умумий меросимиз ва халқларимиз томонидан тарихда эришилган ютуқларимизни дунё ҳамжамиятига яқиндан таништириш йўлида қўйилган муҳим қадам эканлигини таъкидлади. 

Уч кун давом этадиган кўргазмада мамлакатимизнинг ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган, буюк аждодларимизнинг жаҳон тамаддуни, диний ва дунёвий илмлар ривожига қўшган ҳиссасини ёритиб берувчи, шунингдек Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби кўҳна шаҳарларимизда бунёд этилган ислом меъморчилигининг нодир дурдоналарини ўз ичига олган фотосуратлар намойиш этилади.

Фотокўргазма 6–7 июнь кунлари Турк тарихи ва маданияти фонди ҳамда Туркия Республикаси ЕвроОсиё кутубхоналари уюшмаси билан ҳамкорликда Анқара шаҳрида давом этади.