Нукусдан Мўйноққача: "Маърифат карвони"нинг сафари давом этади


“Тамаддун. Маданият. Маърифат” шиори остида мамлакатимиз бўйлаб илмий-маърифий тарғибот карвони йўлга чиқди. “Карвон” сўзининг танланиши ҳам жуда яхши топилма бўлибди. Чунки карвонлар элларга ҳар доим орзиқиб кутган янгиликлар, бойлик, ашё, неъматлар билан кириб келган.

Бу гал карвон “Маърифат карвони” илмий-маърифий лойиҳаси доирасида йўлга чиқди. Туяларда эмас, Ўзбекистон Боинглари қанотида, Афросиёб пўлат тулпорларида. Туя карвонлари 40 кунда етиб борган Нукусга тарғиботчилар нари бери бир соат деганда етиб боришди.

Карвоннинг юки бебаҳо. Олтин-кумуш, мўйна, газмол, чинни эмас, улардан қиммат моллар – янги китоблар, янги билим, янги технология, янги ғоялар. Ҳамсафарлар ҳам тужжорлар эмас, олим, нотиқлар. Пойтахтдан борган олим, зиёлилар, ҳудудлардаги ҳамкасблар бир-бирларини бағирларига босишди. Дийдорга, маърифатга ташна диллар қонди. Учрашув кетидан учрашув, давра суҳбатлари, саволлар, жавоблар, ҳайрат, фикр алмашувлар, ўргатиб-ўрганишлар бошланиб кетди.  

Нукусдан Амударёгача, Амударёдан Мўйноққача, Қорақалпоғистоннинг энг чекка овуллари бепоён  мулоқат майдонига айланди. Онлайн трансляциялар тадбирларни пешма пеш ижтимоий тармоқларда улашиб борди.

Ислом цивилизацияси маркази ёш олимларининг маърузалари тингловчиларда ҳайрат уйғотди. Улар диёримиздан чиққан алломаларимизнинг аниқ фанлар бўйича қилган кашфиётларини бугунги цивилизация билан боғлаб тушунтиришди. Агар улар бўлмаганида ҳозирги цивилизация бўлмаслигини далиллар билан исботлаб беришди. Бу мисолларни айтиб, болаларимизни аниқ фанларни ўрганишга кўпроқ жалб қилишимиз кераклигини уқтиришди.

Чет эллардан келтирилган ноёб қўлёзмалар, ҳужжатлар кўрсатилди. Ислом цивилизацияси маркази биносининг қурилиши тўғрисидаги видеофильм ва бошқа медиа асарлар кўрсатилди. Бу эса учрашувларни нафақат қизиқарли, балки фойдали, тарбияли бўлди. Залда ўтирганлар сўзга чиқиб, ички туризм билан пойтахтга бориб, Ислом цивилизацияси маркази биносини кўришни ният қилишганини айтишди. 

Тадбирда сўзга чиққан ҳожиларимиздан бири кўзда шодлик ёшлари билан охирги йилларда ҳаж квотаси аввалгига қараганда 2 карра ошганини, кейинги 7 йилда 60 мингдан зиёд юртдошларимиз ҳожи бўлишганини айтди. Бу неъматлар учун нима қилишимиз керак”, деган саволни ўртага ташлади. Юзлаб қатнашчилар “Шукр”, дейишди. Нотиқ “Шукрнинг амали нима?”, деди. Бироз жимликни кўриб, ўзи жавоб берди: “Айтиш”. Бир бирларимизга элимизда бўлаётган яхшиликларни айтиш шукронамизни билдиради, деди. Одамлар ҳожи отага тан бериб, олқишладилар.

Учрашувларда Президентимизнинг Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатасида сўзлаган нутқлари маъноси тушунтириб берилди. Энг муҳими, ушбу маърузаларда кўтарилган ғоя ва ташаббуслар тушунтирилди. Нотиқлардан бири “Мен президентим ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун нима қила оламан?”, деди ва ўзи жавоб берди. “Ҳурматли Президентимиз Ўзбекистонимизнинг яшиллик даражасини 30%га кўтарамиз, дедилар. Мен ўзимга савол бердим: “Эй Жаҳонгир. Бу миллий ишга сен қандай ҳисса қўша оласан”, деб ўйладим ва эшигим олдига 7 туп полоний экдим. Агар ҳар биримиз ўз ҳудудимизни 30% яшил қилсак, маҳалламиз 30% яшил бўлади. Ҳар маҳалла 30% яшил бўлса, туман, шаҳримиз 30% яшил бўлади. Ҳар туман, шаҳар яшил бўлса, ҳудудимиз, ҳар ҳудуд яшил бўлса, Президентимиз айтганларидек, жонажон Ўзбекистонимиз яшил макон бўлади”, деди.

Залда ўтирганлар уни ўринларидан туриб олқишладилар. Учрашувлар бошқа ҳудудларда ҳам давом этмоқда. Бу гал тадбирларнинг қамрови катта. Мисол учун, бир тадбирнинг ўзида 306та мактабдаги 400 нафардан ортиқ соҳа ходимлари, бўлинмалар раҳбарлари иштирок этишди.  

“Маърифат карвони” йўлда. Унга пешвоз чиқинг, ватандош.

 

Муҳаммаджон Қуронов, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий маънавий тадқиқотлар институти директори ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор.