“Маърифат карвони” Тошкент вилоятига ҳам етиб борди


Бугун Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги “Маърифат карвони” навбатдаги тадбири бўлиб ўтди. Тадбир давомида маърузачилар бу каби ташаббуслар халқимизнинг маънавий юксалишига қўшаётган улкан ҳиссасини таъкидлади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими Равшан Худойберганов тадбирда сўзга чиқиб, марказнинг мамлакатимиздаги ўрни ва унинг халқаро мамлакатлар билан ҳамкорлиги ҳақида маълумот берди. Марказда барпо этилаётган улкан кутубхона ва юртимиз олимларининг бой илмий меросини жамлашга қаратилган ташаббуслар катта қизиқиш уйғотди. У, шунингдек, тадқиқотларни бойитишда зиёлиларнинг кўмаги муҳим эканини таъкидлади.

Тадбирлар давомида мактаб ва кутубхоналарга “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” китоб-альбомлари бепул тақдим этилмоқда.

Ушбу тадбир нафақат маънавий тараққиёт, балки мамлакатнинг илмий ва маданий меросини сақлашда муҳим платформага айланди. “Маърифат карвони” юртимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда ва ёшлар, зиёлилар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати