ҲАЗРАТИ ИМОМ ТЕРМИЗИЙНИНГ “АЛ-ИЛАЛ АЛ-КАБИР” АСАРИ ҲАҚИДА
Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм.
“Илал” деганда ҳадислар ривоятидаги яширин қусур, нуқсон ва иллатлар тушунилади. Ҳадис илмида илал масаласи муҳим аҳамиятга ага бўлиб, бу соҳа ҳадислар ривоятида ҳар хил сабабларга кўра ровийлар томонидан содир этилган заифлик, ноаниқлик, ғалат, хато, саҳву янглишларни тадқиқ қилишдек шарафли ва ўта масъулиятли вазифа билан шуғулланади.
Ҳазрати Имом Термизий (раҳматуллоҳи алайҳ) илал соҳасидаги таснифлари билан ҳам Ислом тамаддунига улкан ҳисса қўшганлар.
Имом Термизийнинг бизгача етиб келган «Ал-Илал фил-ҳадийс» («Ҳадислардаги иллатлар ёки оғишлар») туркумидаги муҳим асари бўлиб, бу асосан икки мустақил китобдан ташкил топган.
Улардан бири «Ал-Илал ал-кабийр» номи билан аталади. Кўпчилик олим ва тадқиқотчилар “Бу асари бизгача етиб келмаган” деган фикрда бўлганлар. Лекин Имом Термизийнинг ҳаёт ва фаолиятларига доир махсус рисола ёзган олим Нуриддин Атр ўзининг Байрутда иккинчи марта нашри 1988 йилда чоп этилган “Китобул-илал” китобида Туркиянинг қимматли қўлёзмаларга бой кутубхоналаридан бирида Имом Термизийнинг «Ал-Илал ал-кабийр» асарининг ягона қўлёзмасини кўргани ва ундан фотонусха олиб, ўз тадқиқотининг қайта нашрида фойдалангани ҳақида ёзади.
Улардан иккинчиси «Ал-Илал ас-сағийр» деб аталиб, у “Сунани Термизий” китоби охирига хотима тариқасида илова қилинган.
Имом Термизийнинг ўзлари «Илал» (яъни, ҳадисларнинг иллатлари ёки оғишлари) масаласида айтдилар: «Бу (илалга оид) масалада узоқ вақт фикр-мулоҳаза юритдим, бунинг боиси шундаки, биздан шу хусусда сўралганда, олдин ўз нуқтаи назаримизни очиқ-ойдин айтмаганмиз. Сабаби шуки, биринчидан, биздан аввал илал масаласи хусусида сўралганда бир қанча уламолар ҳам ўз фикрларини билдирмаганлар, иккинчидан, баъзи муҳаддислар ўрталарида ҳадисда сиқа – ишончли бўлган ровийларнинг хато, янглиш ва ваҳмларини айтиш ғийбат бўлиб қолади, деган олимлар ҳам бор эдилар. Сўнг одамлар манфаатини ўйлаб, бир қанча машҳур муҳаддислар, хусусан, Имом Бухорий билан бир неча йиллик мулоқотда бўлганимиздан сўнг, яна мазкур фикрга алоқадор ривоятларни эшитгандан кейин, илал масаласини ошкор қилишга жазм қилдим», – дейдилар.
Бу сўз илал масаласида барча муҳаддисларнинг якдил хулосаларини ифода этади.
Биз “Буюк аждодлар мероси – учинчи ренессанс асоси” мавзуйида Самарқандда ўтказилган VIII халқаро конгресс жараёнида ҳазрати Имом Термизийга оид “Ал-Илал ал-кабийр” китобининг нашр нусхаларини қўлга киритишга муваффақ бўлдик. Бу диёримизда илм соҳасида улкан янгиликдир.
Юртимиз олимлари олдида ҳазрати Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Ал-Илал ал-кабийр» асарини ўрганиш ва тадқиқ этиш вазифалари турибди.
Мирзо Кенжабек,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Ислом дини меросини сақлаш бўлими бошлиғи,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган
ёшлар мураббийси, фахрий профессор.