ТУРКИЯ ЭЛЧИСИ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИ ДИРЕКТОРИ БИЛАН УЧРАШДИ
Ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида бошқа соҳалар қатори маданий-маърифий ҳамкорлик ҳам ривожланиб бормоқда.
Сўз исботи сифатида, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси шу йил 14-19 сентябрь кунлари Туркия Республикасида бўлиб қайтди. Ташрифдан мақсад, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясини янги мазмун билан бойитишда Туркия тажрибасини ўрганиш, марказ лойиҳаларини кенг тарғиб қилишдан иборат бўлиб, ўзбекистонлик мутахассислар сафар давомида Истанбулдаги Йилдиз саройи, Фуат Сезгин илм-фан ва технологиялар тарихи музейи, Тўпқопи саройи музейи, Турк-ислом санъати музейлари, Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази – ИРСИКА ва бошқа музей ва кутубхоналар тажрибасини яқиндан ўргандилар. Сафар давомида ўзбек ва турк олимларининг ҳамкорлиги доирасида қўшма форум ташкил қилиш, Туркиядаги миллий саройлар, музей ва кутубхоналар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидан янги китоб-альбомлар чоп этиш бўйича ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.
2024-йил 10 октябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом Цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ва Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Олган Бекар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан маданий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш, тадқиқ этиш йўлида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази айнан Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган мега лойиҳа экани ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистондаги Ислом Цивилизацияси маркази директори Туркия элчиси жаноб Олган Бекарга сафар ҳар икки давлат маданий алоқаларини ривожлантиришда манфаатли бўлгани, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ва Марказ музейи контентини бойитишда турк олимлари фаол иштирок этаётгани учун миннатдорчилик билдирди. Ўз навбатида Туркия элчиси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан дунё миқёсида ислом динининг маърифатпарварлик тамойилларини кенг тарғиб қилиш, маданий меросни асраб-авайлашда амалга оширилаётган ишлари эътиборга молик экани ва келгусида маданий-маърифий алоқаларни янада ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.