ТУРКИЯ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИГА ТАШРИФ БУЮРДИ


Туркия Республикаси хусусийлаштириш бошқармаси президенти Бекир Эмре Ҳайкар бошчилигидаги делегация 2024 йил 9 октябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносига ташриф буюрди.

Меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан Янги Ўзбекистонда диний, маданий-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар,  Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалари, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан улуғ аждодларимизнинг ислом ва жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси, динлараро ва цивилизациалараро мулоқотни йўлга қўйишда марказнинг роли, музей экспозициялари ва кутубхона тўғрисида ахборот берилди. Исломнинг олтин даври – Биринчи Марказий Осиё Ренессанси ҳамда Темурийлар Ренессанси даврида Марказий Осиёдан етишиб чиққан улуғ аждодларимизнинг Ислом ва жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссалари мисоллар билан таъкидлаб ўтилди.

Марказ музейи экспозицияни янги мазмун билан бойитиш борасида олиб борилаётган ишлар, жумладан, 18-22 июнь кунлари  “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази: кеча, бугун ва келажакда” мавзуидаги илмий-амалий семинарлар, 3-4 июль кунлари “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс пойдевори” Республика олимлари форуми, шунингдек, 23-27 август кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) билан ҳамкорликда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган “Буюк аждодлар мероси – учинчи Ренессанс асоси” VIII халқаро конгресси тўғрисида ташриф буюрувчиларга атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, меҳмонлар марказда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.

Ташриф якунида Бекир Эмре Ҳайкар  Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ҳажми ва ички мазмун-моҳияти борасида такрорланмас марказнинг барпо этилаётганини эътироф этди.