Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилишини юқори баҳолади
Шу йилнинг 16 октябрь куни Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода ва Озарбайжон парламентининг бир гуруҳ аъзолари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносига ташриф буюрди. Нуфузли меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамроҳлик қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносининг ўзи икки гектарни, мажмуанинг умумий майдони эса 7 гектарни ташкил этади. Қурилиши давом этаётган Марказ музейи экспозициясини бойитиш бўйича маҳаллий ва хорижий олимлар, музей ва кутубхона ходимлари қизғин иш олиб бормоқда.
Делегация аъзолари миллий меъморчилик услубида барпо этилаётган бинонининг хронологик тартибга асосланган бўлимлари, кутубхона ва кўргазмага қўйиладиган ноёб экспонатларни катта қизиқиш билан томоша қилди.
Шайхулислом давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан муқаддас ислом динининг туб моҳияти, тинчликсеварлик ва инсонпарварлик билан йўғрилган қадриятлари ва ғояларини тарғиб этиш ҳамда буюк аждодлар меросини ўрганиш, уни келажак авлодларга етказиш мақсадида Тошкентда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказини юқори баҳолади. Оллоҳшукур Пошшозода қурилиши яқин истиқболда якунланиши режалаштирилаётган Марказнинг расмий очилиш маросимида иштирок этиш умидида эканини билдирди.
Маълумот учун: Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода Бухородаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкент Ислом институтида таҳсил олган.