Қатар Давлати маданият вазири Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 июндаги “Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш” тўғрисида қарори асосида Тошкентнинг тарихий Қорасарой кўчасида ушбу марказ биноси бунёд этилмоқда. Ўрта асрлар ўзбек миллий меъморчилиги услубида барпо этилаётган бино қурилиши тугаллангач, Тошкентнинг диққатга сазовор жойларидан бирига айланади.
Жорий йил 12 октябрь куни куни Қатар Давлати маданият вазири Шайх Абдулраҳмон бин Ҳамад Ал-Тани бошчилигидаги делегация Ислом цивилизацияси маркази қурилиш майдонига ташриф буюрди. Қатар маданият вазири ўзбек уламоларининг ислом тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси, улар томонидан яратилган бебаҳо асарлар ҳамда ҳозирги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан буюк аждодларимизнинг илмий, маърифий ва маданий меросини асраб-авайлаш, қайта тиклаш ва ўрганиш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади. У бинонинг миллий услубда қурилаётгани, бу услубни Имом Бухорий мажмуасида ҳам кўргани, Давлат раҳбарининг тарихий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолишга бу қадар жиддий эътибор бераётганидан ҳайратга тушди. Делегация аъзоларида бино равоқларига миллий наққошлик услубида ёзилган оятлар, ҳадислар, Қуръон залига қўйилаётган пушти рангдаги табиий тошдан иборат безаклар, 70 жилдлик “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” китоб-альбомлари катта таассурот қолдирди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу китоблардан делегация аъзоларига совға қилди.
Қатар Давлати маданият вазири келгусида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” китоб-альбомларининг Қатар давлатига бағишланган янги жилдини ва Қатар миллий кутубхонасининг нодир қўлёзмалар бўйича бошқармасида сақланаётган таниқли мутафаккирларимиз Имом Бухорий, Хоразмий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруни, Абу Али Ибн Сино ва Мирзо Улуғбек асарлари ҳамда Темурийлар даврига оид манбалар ҳақида ҳамкорликда янги китоб-альбом чоп этиш таклифини билдирди.