“КАТТА ЛАНГАР ҚУРЪОНИ” МОСКВАДАГИ ИСЛОМ МУЗЕЙИДАН МУНОСИБ ЖОЙ ОЛДИ
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов Россия Федерациясининг пойтахти Москва шаҳрида ўтказилган “Тинчлик йўли: ўзаро мулоқот уйғунликда яшашнинг асоси сифатида” XX Халқаро мусулмонлар форумида иштирок этди.
Бу йилги форум “Россиядаги мусулмон оилалари” йили муносабати билан, шунингдек, Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги, Москвадаги тарихий масжид биносининг 200 йиллиги, машҳур исломшунос олим Ризоуддин Фахруддин таваллудининг 165 йиллиги, Москва жомеъ масжидининг 120 йиллиги, Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси ва Москва ислом институтининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилди.
Форум Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси VIII Қурултой съезди доирасида Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси, Москва Ислом институти томонидан Ислом маданияти, фан ва таълимни қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида ташкил этилди. Форумда халқаро диний ташкилотларнинг раҳбарлари, вакиллари, уламолар ва ислом оламининг етакчи мутахассислари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари мутахассислари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
2005 йилдан буён ҳар йили ўтказилаётган мазкур форум мусулмон олимларини, диний-маърифий соҳалар етакчиларини бирлаштириш йўлида муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
Халқаро мусулмонлар форумида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ф. Абдухаликов маъруза қилди. Маърузада ХХ Халқаро мусулмонлар форуми ғоялари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2017 йили БМТнинг юксак минбаридан туриб, ислом динининг инсонпарварлик, бунёдкорлик ва тинчликпарварлик ғоялари ҳақида билдирган фикрлари билан ҳамоҳанглиги таъкидланди. Шунингдек, ана шундай эзгу мақсадлар йўлида мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилаётгани алоҳида қайд қилинди.
Ф. Абдухаликов бир неча йиллик қизғин давом этган қурилиш ишларидан сўнг, Марказ энг йирик илмий мегаплатформага айланиш босқичига етгани, унинг вазифаси мусулмон Уйғониш даври алломаларининг бой меросини, жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштиришдан иборатлигини айтиб ўтди. Шунингдек, маърузада мамлакатимизда ташкил этилган Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилаётгани, хусусан жорий йилнинг 15 август куни “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилингани таъкидланди.
Форумда Ф. Абдухаликов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ғоя ва таклифлари асосида билдирган “маънавий-ахлоқий қадриятларни асрашда ислом таълимотининг инсонпарварлик, бунёдкорлик ва тинчликсеварлик ғоялари, унинг ижтимоий муносабатларни уйғунлаштиришдаги улкан салоҳиятидан кенг фойдаланиш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” таклифлари форум иштирокчилари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди ва XX Халқаро мусулмонлар форуми резолюциясига киритилди.
Халқаро мусулмонлар форумида Ф. Абдухаликов Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан муфтий Ҳазрат Равил Гайнутдинга Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхасини совға қилди.
— Ўзбекистон Президентини узоқни кўра биладиган, бизнинг динимизнинг асл моҳиятини чуқур тушунадиган юқори интеллектга эга сиёсатчи сифатида биламан, - деди Ҳазрат Гайнутдин. – Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун дунё мусулмонларининг фахри бўлиб қолишига ишонаман. Ушбу нодир мусҳаф эса, Москва марказий жомеъ масжиди қошидаги Ислом музейидан муносиб ўрин эгаллайди. Жаноб Президентга менинг дуоларим, миннатдорлигим ва ҳурматимни етказишингизни сўрайман.