Ислом цивилизацияси марказида ОАВ вакиллари учун медиа-тур ташкил этилди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар учун медиа-тур ташкил этилди. Маълумки, 29 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишган эди. Давлат раҳбарининг ташрифидан сўнг мажмуа жамоатчилик ва ОАВ вакилларида янада қизиқиш уйғотди.
Бугун ташкил этилган медиа-тур орқали журналист ва блогерлар ноёб мега лойиҳа ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов ҳамда экспозицияларга масъул ходимлар шакллантирилган Қуръон Карим зали, Исломдан аввалги давр цивилизациялари, I Ренессанс, II Ренессанс ва ўзбек хонликлари даври, Ўзбекистон ХХ асрда, Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс экспозициялари ва ундаги нодир экспoнатлар билан таништирди. Медиа-тур давомида Марказ ходимлари томонидан ОАВ вакилларининг қизиқтирган саволларига жавоб берилди.
Маълумот учун, Марказ тарихи 2017 йил 23 июнда Президент қарори билан бошланган бўлиб, 2018 йил унинг пойдеворига тамал тоши қўйилган. Бугунги кунда мажмуа қурилиши якуний босқичга етиб келган. Марказ уч қаватдан иборат бўлиб, унинг умумий меъморий услуби Шарқ анъаналарини ўзида акс эттиради. Мажмуанинг марказий қисмида 65 метрли гумбаз барпо этилган бўлиб, унинг остида Қуръони Карим зали жойлашади. У ерда эса турли тарихий даврларга оид нодир Қуръон нусхалари намойиш этилади.
Ислом цивилизацияси маркази халқаро ташкилотлар, жумладан, ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Шу билан бирга, илмий анжуманлар, маърифий тадбирлар ва конференциялар ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Марказ кутубхонаси эса 100 мингдан ортиқ ноёб қўлёзмалар, тошбосма асарлар ва уларнинг электрон нусхаларини ўз ичига олади.