ЗАМОНЛАР ОША ЦИВИЛИЗАЦИЯ


      20 сентябрь куни Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида “Замонлар оша цивилизация - Ўзбекистон” мавзусидаги кўргазма ва илмий анжуманнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

       Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги инсоният ва цивилизация ривожи Департаменти, Туркиянинг маданият ҳамда ташқи ишлари вазирликлари, ТИКА ҳамда Турк ҳаво йўллари, Истанбул ҳамда Мармара университетлари иштирокида ташкил этилган мазкур йирик илмий-маданий анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекисондаги Ислом цивилизацияси маркази вакиллари ҳам иштирок этдилар.

       Тантанали маросимда сўзга чиққан Туркия энергетика ва табиий захиралар вазири Фатих Дўнмез, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Махмуд Сурайя Эр, Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ш.Миноваров тобора мустаҳкамланиб бораётган ўзбек-турк ҳамкорлиги истиқболлари, икки томонлама муносабатларда маданият соҳаcи ҳам муҳим ўрин тутиши, исломий маданий мерос умумий мулк сифатида, умумий бойлик сифатида ҳар томонлама, биргаликда ўрганилиши зарурлиги ва маданият соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳам истиқболлари катта эканини қайд қилдилар.

      Кўргазма Ўзбекистон ҳудудидаги ислом цивилизацияси ёдгорликларига бағишланади ва ўзбекларнинг буюк бобокалонлари Фарғоний, Бухорий, Термизий, Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Нақшбандий, Ғиждувоний, Улуғбек ва бошқа мутафаккирларнинг илмий меросларини тарғиб қилади. Ўзбек ҳунармандлари ва олимлари оталар йўлини давом эттираётганларини кўрсатади. Кўргазманинг иши доирасида муштарак маданиятлар ва илмий мерос мавзусида илмий-амалий конференция ҳам бўлиб ўтмоқда.

 

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

матбуот хизмати