Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди


16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан пойтахтимиздаги“Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида бир гуруҳ етук уламолар, атоқли арбоблар, диний соҳа раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий олимларга “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони топширилди.

Тадбирда турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари ва диний конфессия вакиллари, миллий маданий марказлар фаоллари, юртимизда миллатлараро дўстлик ва диний бағрикенглик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси, сенатор Содиқжон Турдиев, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов каби диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларга ҳисса қўшиб келаётган ташкилотлар вакиллари ва фаоллар ҳам мазкур мукофот билан тақдирланди.

Ушбу кўкрак-нишони диний-маърифий соҳанинг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини таъминлаш, динлараро ва конфессиялараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшган шахсларни тақдирлаш мақсадида таъсис этилган.