Хабар.


Айни шу соатларда Бухорои Шарифда жойлашган Баҳоуддин Нақшбанд (Балогардон) ҳазратларининг ёдгорлик мажмуалари ҳовлисида Ўзбекистон Республикаси ёш хаттотлари ва нақш усталарининг кўргазма-танлови очилиши маросими бўлиб ўтмоқда. Тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Маданият вазирлиги, Туризм ва спорт ишлари вазирлиги ва Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил қилинди. Кўргазма хаттотлик ва нақш устачилиги - асрий ва азалий санъат ҳамда ҳунармандчилик турлари анъаналари ёш иқтидор эгалари ва уларнинг устозлари томонидан машаққатли меҳнат эвазига сақланаётганлигини, давлат томонидан бунинг учун барча шароитлар яратиб берилганини яна бир марта тасдиқлайди. Айни кунларда республикамизда Тошкент, Самарқанд ва Бухоро, шунингдек Фарғона водийсида ўндан ортиқ хаттотлик ва наққошлик мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Кўргазма мазмун-моҳияти билан пиримиз Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг (Аллоҳ раҳмат қилсин) "Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин" ўгитларига ҳамоҳангдир.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати