''Декларациялар мулоқоти'' форумига уч кун қолди


16-20 май кунлари Тошкент ва Бухоро шаҳарларида “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми бўлиб ўтади.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда  АҚШнинг Глобал жалб қилиш институти томонидан ташкил этилмоқда. 

Тадбирда ўнга яқин давлатлар, жумладан АҚШ, Англия, Австрия,  Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Индонезия, Нигерия, Гана каби мамлакатларнинг 30 дан ортиқ таниқли илоҳиётшунослари, диний уламолари ва расмий мутасадди вакиллари иштирок этади.

Форум доирасида 16-17 май кунлари Тошкентда кўп миллатли жамиятда конфессиялараро мулоқотни  ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш, диний эркинлик масалаларида  қонун устуворлигини  таъминлаш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш бўйича  илғор амалиёт билан танишиш юзасидан илмий-амалий  семинарлар ўтказилади.   

18 май куни форум иштирокчилари учун Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига ташрифни ўз ичига олган танишув саёҳати кўзда тутилган. 

19 майда Бухоро шаҳрида “Декларациялар мулоқоти” форумининг асосий тадбири бўлиб ўтади. Унда илмий-амалий семинарлар  сарҳисоб қилинади, эътиқод эркинлиги ва динлараро мулоқотни таъминлаш масалалари бўйича фикр алмашилади ҳамда  келгусидаги ҳамкорлик истиқболи белгиланади. 

Тадбир доирасида, шунингдек, диний бағрикенглик, эътиқод эркинлиги ғояларини халқаро даражада қарор топтириш мақсадида 2016-2020 йилларда қабул қилинган Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак, Пунто-дел-Эстеда декларацияларининг тақдимоти ўтказилиб, уларнинг мазмун-моҳияти  муҳокама қилиниши режалаштирилган. 

Форум якуни бўйича “Бухоро декларацияси” қабул қилинади. Ҳужжатда Ўзбекистон тажрибасидан келиб чиқиб, жаҳон  ҳамжамияти билан  дунёда маърифат ва  диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, шунингдек, турли динлар ўртасидаги мулоқотни кучайтиришга бўлган чақириқ ифодаланади. 

манба:https://uza.uz