ОЛТИНДА КЎЧИРИЛГАН “ЎЗБЕКХОН ҚУРЪОНИ”НИНГ ОЛАМШУМУЛ ШУҲРАТИ


Дунё тарихида ўзининг шону шавкати, жаҳоншумул ишлари билан ном қолдирган ҳукмдорлар анчагина. Шулардан бири Султон Ғиёсиддин Муҳаммад Ўзбекхон (1283-1341) ҳисобланади. У Чингизхоннинг катта ўғли Жўчи авлодидан бўлиб, унинг даврида ислом Олтин Ўрданинг давлат дини деб тан олинган. Ўзбекхон бошқаруви Олтин Ўрда қудрати энг юқори чўққига чиққан давр сифатида тилга олинади. Туркиянинг Сулаймония кутубхонаси қўлёзмалар фондида сақланаётган Ўзбекхон Қуръони айни шу фикрларнинг исботидир.

Ушбу Қуръон ҳақида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан жорий йилнинг 23-26-август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган “Буюк аждодлар мероси – Учинчи ренессанс пойдевори” VIII халқаро Конгрессида Истанбул университети профессори, доктор Эмек Ушенмез маълум қилган эди.

“Олтин Ўрда ҳукмдори Ўзбекхон учун Бадр ал Ҳамадоний томонидан ёзилган Қуръон қўлёзмаси Туркиянинг Сулаймония кутубхонаси қўлёзмалар фондида сақланмоқда. Қўлёзма рейҳаний ёзувида ёзилган, қаймоқрангли варақлари олтин суви югуртирилган ҳолда чиройли безатилган. 1318 йил Рамазон ойида ёзилган қўлёзманинг яна бир диққатга сазовор хусусияти шуки, оятлар сони рақамларга мос ҳарфлар билан кўрсатилган” – дейди Эмек Ушенмез.

Мазкур қадимий қўлёзмани Туркияга ким, қачон ва нима мақсадда олиб келган?

Маълум бўлишича, қўлёзма Фотиҳ Cултон Меҳметнинг вазири Ҳалил Паша томонидан Қрим урушидан ўлжа сифатида Истанбулга олиб келинган. Қачон кўчирилганлиги ҳақида китобнинг ўзида маълумот келтирилган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Туркия қўлёзма асарлар бошқармаси ҳамкорликда мазкур Ўзбекхон Қуръонини факсимиле нусхасини чоп этишда келишувга эришишган.

Ўзбекхон ўзбекларнинг бобокалоними?

Албатта, ана шундай фикрни илгари сурувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Албатта, бу фикр бежиз пайдо бўлмаган. Кўплаб олимлар ҳам бу фикрни тасдиқлашга уринишади. Бу борада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов қуйидаги фикрларни билдирди:

– Мирзо Улуғбек “Тўрт улус тарихи” асарида шундай ёзади: “Ҳазрати Сайид Ота, унга Оллоҳнинг раҳмати ва ризолиги бўлсин, ҳамда Султон Муҳаммад Ўзбекхон билан ҳамроҳликда Мовароуннаҳрга келган кишилардан: “Бу келган ким?” — деб сўрардилар. Уларнинг сардори ва подшоҳи Ўзбекхон бўлгани учун уларни “ўзбек” деб атадилар. Шу сабабдан ўша замондан бошлаб Мовароуннаҳрга келган кишилар “ўзбек” деб атала бошланди. Дашти қипчоқда қолиб кетган кишилар эса “қалмоқ” бўлдилар”.

Бу ва бошқа парчалардан кўриниб турибдики, “ўзбеклар” деб фақат Ўзбекхоннинг авлодларини эмас, балки унга тобе бўлган кишиларни ҳам атаганлар. Уларнинг бир қисми Ўзбекхон даврида, яна бир қисми Шайбонийхон даврида Мовароуннаҳрга кириб келган. Кейинчалик, мамлакатимиз ҳудудидаги хонликларда ҳам асосан ана шу Дашти Қипчоқ хонларининг авлодлари ҳукмдорлик қилишгани учун маҳаллий аҳолига нисбатан ҳам “ўзбек” атамаси қўлланган.

Бироқ, айрим мутахассислар Ўзбекхон, ҳатто Чнгизхондан илгари ҳам бу ном мавжуд бўлганини таъкидлайдилар. Хусусан, манбаларда 1115-1116 йилларда Ироқнинг Мўсул вилоятида Ўзбек исмли саркарда ҳокимлик қилгани ҳақида маълумотлар учрайди. Озарбойжонда ҳукмронлик қилган туркий элденгизлар сулоласининг сўнгги вакилини ҳам Султон Музаффар Ўзбек (1210-1225) деб аташган. Ҳерман Вамбери бу этноним “ўзига ўзи бек” маъносини билдиришини ёзади. Бошқа тахминларга кўра, “ўзбек” номи қадимги туркий уруғ ўғузлар номидан келиб чиққани, аниқроғи “ўғуз бек” сўзларининг қисқартмаси экани айтилади...

Чиндан ҳам ўзбек халқининг номини фақат биргина ҳукмдор номи билан боғлаш тўғри эмас ва унинг тарихи бир неча минг йилликларни ўз ичига олади.

Дурдона РАСУЛОВА тайёрлади