Миллий бирдамлик - миллат учун бир тан, бир жон демак
Ватан остонадан, инсоннинг киндик қони тўкилган тупроқдан бошланади. Улғайиб вояга етган заминга меҳрли бўлиш, унинг ҳар бир ҳовуч тупроғини муқаддас, деб билиш, кўзга тўтиёдек суртиш, бир умр фарзандлик садоқати билан яшаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Халқимизда “Ватанни севмоқ имондандир”, дейилади. Бу ҳикмат мазмунидан элимиз инсон ўзи туғилиб ўсган юрти, ёр-дўстлари ва яқинлари билан боғловчи Ватанини севиши, уни ардоқлашини имон даражасига кўтариб, ватанпарварликдек фазилатнинг муқаддас маъно-мазмун ва юксак мақомга эгалигини эътироф этганини англаш мумкин. Бутун мусулмон оламига диний илмларни ўргатган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий, Қаффол Шоший каби буюк аждодларимиз ҳам Ватанга бўлган кучли муҳаббатлари туфайли ўзларининг тахаллусларини киндик қонлари тўкилган юрт номи билан боғлаганлари ҳам ана шундай эътироф ва эътиборнинг ўзига хос ҳаётий-амалий ифодаси ҳисобланади.
Юрт меҳри, она замин садоқатини жисму дилига жо этган, унинг эрки, озодлиги ва сарҳадлари дахлсизлигини ҳар нарсадан улуғ билган аждодларимиз ҳам Ватан муҳофазасини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраб келишган. Ислом оламида кенг тарқалган кубравия тариқатининг асосчиси, буюк аждодимиз Нажмиддин Кубронинг Ватан ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлиги ҳам бунинг ёрқин мисоли бўла олади. Минглаб муридларга эга тариқат пир-муршиди мўғуллар босқинидан хабар топиб биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Халқ орасидаги обрў-эътиборини назарда тутиб, мўғуллар ҳукмдори унга шаҳарни тарк этиш эвазига жонини сақлаб қолишни таклиф қилади. Ўз жонини сақлаб қолиш эвазига Ватанини ёвга топширишни ор билган аллома босқинчиларга қарши жангга киради ва мардларча туғ кўтариб, лашкарни олға чорлаб бораётган ҳолатда шаҳид бўлади.
Маълумки, ҳар бир дин ўз издошларини миллати, ирқи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, бирдамликка, ўзаро яхшилик қилишга ундайди. Жумладан, ислом динидаги “жамоатдан ажралмаслик”, “одамларнинг яратган олдидаги тенглиги” ғоялари бунинг ёрқин мисолидир. Қуръони карим “Рум” сураси 22-оятга кўра, одамларнинг тили ва рангидаги фарқлар Худонинг мўъжизаларидандир. Миллий ва диний ранг-баранглик ҳамда эътиқод эркинлигини қарор топтириш масалаларида Қуръони карим бутунлай бағрикенглик руҳи билан суғорилган. Демак, дунёдаги турли-туманлик Яратганнинг иродаси ва ҳикмати билан боғлиқ. Аллоҳ дастлаб одамзодни бир уммат қилиб яратганди, сўнгра уларни турли қабила, халқ ва динларга ажратди. Бундай ранг-барангликдан мақсад – умумий фаровонлик йўлида инсонлар бир-бирлари билан мусобақа қилмоқлари даркор.
Қуръони карим бу дунёни барча халқ ва дин вакиллари тинч-тотув яшайдиган замин, деб эълон қилди. Умуман олганда, Қуръони каримнинг элликдан ортиқ сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилганлар. Демак, ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, ҳатто ўзга дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб, улар билан тинч-тотув яшашга, фитна ва турли адоватларга барҳам беришга чақирган.
Инсоният тарихи диннинг уюштирувчилик ва йўналтирувчилик қудратидан ғаразли мақсадларда фойдаланилганда у миллий ва диний асосдаги адоватларга замин яратиб, улкан салтанатларнинг инқирозга юз тутиши ва парчаланишига сабаб бўлганидан гувоҳлик беради. Таассуфки, бугунги кунда ҳам диндан ўзаро адоват уйғотиш ва айирмачилик мақсадида фойдаланишга уринаётган кучлар мавжуд.
Ислом олами лигасининг “Исломда тинч-тотув яшаш” мавзуидаги конференциясининг Якунловчи баёнотида қуйидагилар келтирилади: “Ислом дини барча миллат, халқ ва давлатлар ўртасида тинч-тотув яшашга буюради ва қуйидагиларни муҳим деб ҳисоблайди:
– исломнинг энг юксак ғояси бўлган тинчликни тарғиб қилиш ва инсонлар хавфсизлигини таъминлаш;
– инсон шаънини улуғлаш ва унинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш;
– ўзгаларни динга мажбурламаслик ва уларга нисбатан адолатсиз бўлмаслик.
Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳудудида қадим даврлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилган халқлар яшаб келган. Ўзбекистоннинг жуғрофий-сиёсий нуқтаи назардан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, кўплаб давлатлар билан иқтисодий, маданий алоқалар қилгани диний ва маданий ҳаётга катта таъсир кўрсатган. Ўз навбатида, бу ерда яшаган туб аҳолининг маданияти ҳам уларга таъсир ўтказган ва ўзига хос турмуш тарзини шакллантиришда муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилган.
Асрлар мобайнида ўлкамизнинг шаҳару қишлоқларида масжид, черков ва синагогалар эмин-эркин фаолият кўрсатиб, турли миллат ва динга мансуб қавмлар ҳамжиҳатликда ўз диний маросимларини адо этиб келганлар. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний асосда можаролар бўлмаган. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Маълумки, бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади”. Бу эса, миллати ва диний қарашидан қатъи назар, инсонни ардоқлаш ва ўзгаларни қадрлаш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш каби туйғулар ўлка аҳолисининг қон-қонига сингиб кетганидан далолат беради. Айнан шу сифатлар халқимизга хос бўлган диний бағрикенгликнинг маънавий асосини ташкил қилади.
Бой тарихий тажрибанинг давоми сифатида бугунги кунда ҳам юртимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ва ўндан ортиқ диний конфессияга эътиқод қилувчи шахслар бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ бўлиб яшаб келмоқда. Уларнинг урф-одатлари, анъана ва қадриятларининг ривожланиши, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаолият кўрсатишида мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик, айниқса, тинчликсевар халқимизнинг бағрикенглиги муҳим омил бўлмоқда.
Миллатлараро муносабатларни янада такомиллаштириш, миллий қадриятларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасидаги ишларни изчил давом эттириш ҳамда миллий-маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга ташкилий ва услубий ёрдам беришни йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 13 январдаги қарори билан Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилган. Натижада, 1991 йилда бор-йўғи 10 та атрофида бўлган миллий-маданий марказлар сони бугунги кунга келиб 150 тага яқинлашди. Улар ўзлари мансуб бўлган этноснинг тили, маданияти, урф-одатлари, анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, миллатлараро муносабатларда уйғунликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Юртимизда фуқаролар тотувлиги барқарорлигини, турли миллатлар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга, ватандошларимиз онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашга, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантиришга, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш борасида кўплаб самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2017 йил 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик аловаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисда” фармонни имзолади. Унга кўра, Республика байналмилал маданият маркази ва дўстлик жамиятларининг негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Бу эса, юртимизда яшаётган турли дин ва миллат вакилларининг ўз диний эътиқодларини эмин-эркин амалга ошириши ва диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилаётган тадбирлар жумласига киради.
Қувонарли жиҳати шундаки, бу амалий ишлар диний барқарорлик, конфессиялараро самимий ва дўстона муҳитнинг вужудга келиши ва энг асосийси, юртимиздаги тинчликнинг барқарор бўлишига сабаб бўлмоқда.
Жамолиддин Каримов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи.