Мамлакатимиз зиёрат туризми истиқболлари ва соҳадаги масалалар муҳокама этилди


12 апрель куни Халқаро ислом академиясида «Ўзбекистонда зиёрат туризмининг долзарб муаммолари ва аҳамияти» мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмитаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш институти, вазирликнинг ҳудудий бошқармалари вакиллари, шунингдек, тадбирда Халқаро ислом академияси талабалари ҳам иштирок этди.

Учрашув давомида Ўзбекистонда зиёрат туризмининг ягона брендини яратиш, зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича ҳудудларнинг долзарб муаммо ва тажрибалари муҳокама қилинди. Шунингдек, иштирокчилар томонидан зиёрат туризми – маданиятлараро алмашинув ва бағрикенгликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Зиёрат туризми бўлим бошлиғи Саидкомил Холхўжаев мамлакатимизнинг зиёрат туризми йўналишидаги имижини шакллантиришда “Ўзбекистон — Ислом цивилизацияси маркази” илмий концепциясидан унумли фойдаланиш, зиёрат туризми йўналишидаги янги туристик хизматларни яратиш ҳамда тарғибот ишларини мувофиқлаштирган ҳолда амалга ошириш бўйича таклифларни берди. Шунингдек, туризми йўналишида кадрларни тайёрлаш кун тартибидаги масала эканлигига алоҳида урғу бериб ўтди.