ИЦМ Илмий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида нашрлар, йил сарҳисоби ва бошқа масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Илмий кенгаш ва марказ ходимлари иштирокида ўтган йиғилишнинг биринчи қисмида 2024 йилда Марказда чоп этилган китоблар, нашрга тайёрланаётган рисолалар муҳокама этилди.
Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги йиғилишда ходимлар ўз тақдимотлари билан иштирок этди. Тақдимотлар давомида 2024 йилда марказда амалга оширилган нашр ишлари ва “Ўзбекистон-3000: Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар” туркумидаги китоб-альбомлар” мавзусида маърузалар тингланди, тақдимотлар юзасидан қўшимча фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Китобларни чоп этишда нималарга аҳамият қаратилиши, нашрлар ҳам мазмунан, ҳам шаклан жозибадор бўлиши таькидланди. Шу билан бирга, Ислом цивилизацияси маркази директори томонидан илмий-маърифий жиҳатдан қиймати баланд бўлган асарларни чоп этиш билан бир қаторда медиа маҳсулотларини ҳам яратиш таклифи берилди:
Китобларни чоп этиш алоҳида эьтибор талаб этади. Ҳар бир китобнинг нашр олдидан аудиторияси белгилаб олиниши керак. Уни ким ўқийди, кимлар учун мўлжалланган? Бу жуда муҳим масала. Айниқса, ёшларни нашрларга қизиқтиришимиз, китобларимиз орқали уларни жалб қила олсак, олдимизга қўйган мақсадга эришган бўламиз. Ўқувчиларни китобларнинг электрон ва аудио шаклдаги кўринишлари билан ҳам таьминлабгина қолмасдан, медиа маҳсулот, яьни китобнинг моҳиятини очиб берадиган видео лавҳа ёки ҳужжатли фильм кўринишида тадбиқ этилишини йўлга қўйишимиз керак. Бундан ташқари, китобларни чоп этишда рассомлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим деб ўйлайман. Ҳозирги китобхонни лол қолдириш, уларнинг талабларини қондириш осон иш эмас. Шунинг учун марказ илмий кенгашидан янада замонавий ва янгича тартибда ишлаш, замон билан ҳамнафасликда фаолият юритиш талаб этилади, — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Китоблар чоп этишни ўзи билан чекланмасдан, замонавий медиа форматлардан ҳам унумли фойдаланиб, тарғибот ишларини олиб бориш керак эканлиги таъкидланди. Китобларнинг видео ва аудио версиясини яратиш, роликлар тайёрлаш, ижтимоий тармоқлардаги самарали форматларга ҳам мурожаат этиш топшириғи берилди. Шунингдек, китобларни электрон базасини яратиш, тарқатиш тизимини йўлга қўйиш урғуланди.
Мажлиснинг иккинчи қисмида марказ фаолияти ва йил сарҳисобини муносиб ўтказиш масаласи кўрилди. Ислом цивилизацияси маркази янги биносининг лойиҳаси тақдимот қилинди. Лойиҳа муаллифи Италиянинг “АБ Италия” компанияси директори ва бош дизайнери Мауро Пеллиззони бўлиб, у конференция зали, биринчи қаватдаги қабулхона ва Ислом цивилизацияси маркази қабул хонасининг ички дизайнини йиғилганларга намойиш этди. Илмий кенгашнинг бино лойиҳаси бўйича қўшимча мулоҳазалар тингланди.
Учрашувни халқаро илмий марказлар вакиллари ҳам онлайн кузатиб борди ва кун тартибида турган масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилиш сўнгида халқаро онлайн кутубхоналардан фойдаланиш ва уларга аъзоликни янада кенгайтириш таклифи берилди. Аввало, илмий доира вакилларига ана шундай имкониятлар тақдим этилиши айтиб ўтилди. Бу борада хориж тажрибасидан намуна олиш тавсия этилди. Шунингдек, “Ҳосил байрами” деб номланган Бухоро зардўзлари томонидан тайёрланган нодир қўл меҳнати бўлмиш паннонинг марказ фондига қабул қилиш масаласи кўриб чиқилди. Ушбу таклиф йиғилиш аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати