Ислом цивилизацияси маркази илмий концепциясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш гуруҳи мажлиси


   Пойтахт Тошкентимизда Ўзбекистон Раҳбарининг ғояси ва ташаббуси билан барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази биносининг қурилиши янги тарихий босқичга қадам қўйди. Қурувчилар ўз ишларини давом эттирган ҳолда навбат ички ва ташқи безаклаш мутахассислари – наққошлар, ёғоч усталари, сангтарошлар, рассомлар, кошинчилар ва хаттотларга берилди.


   11- октябрь куни Ислом цивилизацияси маркази илмий концепциясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш гуруҳи аъзолари – тарихчи, шарқшунос, исломшунос олимлар, муҳандислар ва қурувчи усталар марказнинг маҳобатли биноси асосий кириш эшиклари пештоқлари, ёрдамчи аркалар ва деворларига, шунингдек ичкари қисмига хаттотлар ва наққошлар ҳамкорлигида ўйиб тушириладиган ёзувларнинг матнларини муҳокама қилдилар.


   Ислом маърифати ва маданияти тарихини ўрганиш, буюк аждодлар меросини тадқиқ ва тарғиб қилиш, динимиз ва тарихимизни чуқур биладиган юқори малака ва савияли илмий мутахассислар тайёрлаш каби вазифалар юклатилган Ислом цивилизацияси маркази биноси ташқи ва ички пештоқлари, гумбаз ости айланаси ва деворларига юқори даражали нафисликда жойлаштириладиган ёзувлар матни учун Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифлардан, улуғ аллома аждодларимиз, ислом цивилизациясига ҳисса қўшган ва жаҳон миқёсида эътироф этилган уламолар ва олимларнинг ҳикматли сўзлари ва ўгитларидан фойдаланишга келишиб олинди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот хизмати