Бодлеан кутубхонасида сақланаётган бебаҳо қўлёзмалар
Буюк Британиянинг тарихий кутубхона ва музейлари инсоният цивилизациясининг минглаб нодир дурдоналарини сақлаб келмоқда. Улар орасида ўзбек маданий меросига дахлдор осори-атиқалар алоҳида ўрин тутади. Оксфорд университетига қарашли Бодлеан кутубхонасида ҳам Шарқ қўлёзмалари бўлимида Ўзбекистон тарихига оид юзга яқин қўлёзмалар мавжуд.
1602 йилда коллекционер Томас Бодли томонидан асос солинган ушбу кутубхонада ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳаётлик даврида кўчирилган ноёб асарлари сақланмоқда. Улар орасида тўртта девон, “Хамса”нинг “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Сабъаи сайёр” ва “Садди Искандарий” достонлари, шунингдек, “Лисон ут-тайр” каби асарлар мавжуд. “Хамса”нинг бу достонлари 1485 йилда бир пайтда кўчирилган бўлиб, қўлёзмалар аввал бир жойда сақлангани тахмин қилинади.
Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация ноябрь ойидаги Буюк Британияга сафари чоғида Бодлеан кутубхонасига ташриф буюриб, ушбу ноёб қўлёзмаларни ўрганди. Сафар давомида қўлёзмаларнинг нусхаларини олиб, уларни факсимиле нашр сифатида чоп этиш бўйича келишувларга эришилди. Бу тарихий асарлар ўзбек халқининг маданий меросини янада бойитишда муҳим аҳамият касб этади.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати