Ишга марҳамат


     Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Кадрлар бўлими ҳамда Зиёрат туризми илмий-тадқиқот бўлими ходимлари 2024 йил 18 апрель    куни  Тошкент давлат шарқшунослик университетнинг битирувчи талаба-ёшлари учун ташкил этилган “Карьера куни”  меҳнат  ярмаркасида иштирок этишди.

   Меҳнат ярмаркасида Марказ фаолияти, тузилмаси, штат жадвали, ходимларга қўйилган малака талаблар, Марказнинг ташкил этилиши мақсадалари ва вазифалари, хозирги кунгача изчил амалга оширилган ишлар ва натижалар, Марказ биносини фойдаланишга топширишга тайёргарлик кўрилиши ва унинг фаолиятини самарали ташкил этишга қаратилган ишлари амалга оширилиши тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

   Марказ биноси фойдаланишга топширилгандан сўнг, унга ташриф буюрувчи маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар ва меҳмонларга экскурсия хизматини самарали ташкил этиш учун юқори малакали кадрларга эҳтиёжи борлиги, зиёрат туризми соҳасига “Гид-(таржимон)” ва “Экскурсовод”ларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича Марказ қошида ўқув курслари йўлга қўйилиши, тасдиқланган ўкув режа ва ўқув дастурларига мувофиқ етакчи олий таълим муассасаларнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари ҳамда Марказнинг олим ва мутахассислари ҳамкорлигида ўқув машғулотларни олиб борилиши юзасидан керакли маълумотлар берилди.  

     Тадбирда Марказ томонидан нашр этилган илмий журнал ва нашрлар тақдимоти ҳам ташкил этилди. Талаба-ёшлар, профессор-ўқитувчилар ва университетга ташриф буюрган меҳмонларнинг қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар берилди ва уларга тайёрланган буклет ва флайерлар тақдим этилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ишлашга истак билдирган 100 дан зиёд талаба-ёшлар ва фуқаролар мурожаат этдилар.