Берлин кутубхонасидан Бобурийларга тегишли муҳташам альбом топилди
Берлин давлат кутубхонаси сақланаётган Бобурийларга оид мазкур ҳашаматли альбомнинг бир томонида ғазаллар, иккинчи томонида эса миниатюралар туширилган.
Бобурийлар ҳукмдори, Буюк Акбарнинг ўғли Жаҳонгир (1569-1627)нинг мураққаси, яъни расмли альбоми дея таъриф берилаётган мазкур 120 варақлик ноёб топилма Ҳиндистонда 1650 йилларда чиқарилган ва кейинчалик Европага олиб кетилган. Қизиқ томони шундаки, альбомда Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаронинг ғазаллари туркий тилда ёзилган.
- Агар Бобурийлар ўзини мўғул деб ҳисоблаганда альбом ҳам мўғул тилида ёзилган бўларди. Бу эса Бобурийларни жаҳон тарихчилари мўғуллар дея аташини қайта тафтиш қилиш кераклигини англатади, - дея фикр билдирган Берлин давлат кутубхонаси Марказий Осиё бўлими илмий ходими Айсима Мирсултан.
Бобурийлар сулоласи уч юз йилдан ортиқ ҳукмронлик тарихига эга бўлса-да, ҳеч қачон ўз ота-бобосини, миллатини, тилини унутмаган. Саройда форсча, ҳиндча ёки бошқа тилда гаплашган бўлиши мумкин, лекин асосий, энг жиддий масалалар туркий тилда ҳал қилинган ва жуда кўплаб туркий қўл ёзмалар кўчирилган. Мазкур альбомнинг 25 таси Германиядаги Берлин давлат кутубхонасида сақланаётган бўлса, қолган 100га яқин қисми Буюк Британия, АҚШ, Чехия ҳамда Эронда эканлиги маълум қилинди.