Тошкент яна халқаро маданий мулоқот марказига айланади.


Жорий йилнинг 18-27 октябрь кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкент яна  халқаро маданий мулоқот марказига айланади. Тошкентда "Шарқ Ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар" номли маданий мерос ҳафталиги ўтказилади. Ушбу тадбир доирасида конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар ва тақдимотлар ташкил этилади. Тадбирда 100 дан ортиқ хорижий олим ва мутахассислар, жумладан, халқаро маданий ташкилотлар раҳбарлари, чет эл музей ва кутубхоналари бошқарувчилари иштирок этиши кутилмоқда.  


 Маданий мерос ҳафталигини ўтказишнинг асосий мақсади халқаро мулоқот ва ўзаро билим алмашишни мустаҳкамлаш, чет эллик ҳамкорлар билан янги қўшма лойиҳаларни тасдиқлаш бўлиб, булар мамлакат маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш учун йўналтирилган. Бу тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга мувофиқ равишда ўтказилмоқда. Айни дамда нуфузли тадбирнинг очилиш маросими бўлиб ўтмоқда.